Президент педагогларни байрам билан табриклади

Президент педагогларни байрам билан табриклади

Бугун Давлат раҳбари педагогларни Ўқитувчилар куни билан табриклади. У касб байрамининг аҳамиятига тўхталди, шунингдек, педагоглар мамлакатимизда катта ҳурматга эгалигини таъкидлади, чунки уларнинг мамлакат ривожидаги ҳиссаси бебаҳо. Давлат ҳам ўз навбатида соҳани фаол ривожлантиряпти. Шу жумладан, соҳани молиялаштириш ҳажми уч марта ортди. Мамлакатда 1 минг 200 та янги мактаб очилди. Яна 150 таси «Келажак мактаби» миллий лойиҳаси асосида бунёд этилди. Бундан ташқари, педагог мақомини кўтариш тўғрисида махсус қонун қабул қилинди. Ёшлар ўртасида бу касбга талаб катта. Жорий йилда педагогика ихтисосларига 13 мингта грант ажратилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлагани каби, таълим ва фанга эътиборсиз миллат илғор бўла олмайди. Шунинг учун Президент соҳани рақамлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратди.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


Болаларга мактабдан рақамли саводхонлик сингдирилиши лозим. Ўқувчилар таълим жараёнида илғор технологиялардан фойдалана олиши лозим. Бу ўқитувчиларга ҳам тааллуқли: педагоглар замонавий малакаларни ўзлаштириши жуда муҳим. Таълим соҳасида сунъий интеллектдан фаол фойдаланиш зарур. Рақамли давлатга айланиш бир кунлик иш эмас. Олдинда мактаб таълимига мутлақо янгича ёндашувларни жорий этиш масаласи турибди. Сиз, азиз ўқитувчилар, ушбу муҳим миссия бажарилишида фаоллик кўрсатишингизга ишончим комил.


Қосим-Жўмарт Тўқаев қатор мактаб, коллеж ва олий таълим даргоҳлари ўқитувчилари таълим соҳасига қўшган ҳиссаси, мамлакат олдидаги алоҳида хизматлари учун давлат мукофотлари топширди.


Абдумалик Сарманов таржимаси