Қозоғистон Президенти АҚШ тадбиркорлари билан қатор учрашувлар ўтказди

Қозоғистон Президенти АҚШ тадбиркорлари билан қатор учрашувлар ўтказди

Нью-Йоркда Қозоғистон Президенти АҚШ тадбиркорлари билан қатор учрашувлар ўтказди. PepsiCo директорлар кенгаши раиси Стивен Кихо билан Алмати вилоятида инвестициявий лойиҳани рўёбга чиқариш масаласи кўриб чиқилди. Компания ушбу минтақада 368 миллион доллар инвестиция киритган ҳолда янги завод қуряпти.

Қосим-Жўмарт Тўқаев Amazon вице-президенти Дэвид Запольски билан СИ, рақамлаштириш ва алоқа соҳаларида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Давлат раҳбари кенг тасмали интернетга уланиш, киберхавфсизликни кучайтириш бўйича Amazon ва компанияларимиз ҳамкорлиги масаласини муҳокама қилди. Нью-Йоркка қилинган ташриф давомида «Қозоқтелеком» ва Amazon Kuiper билан Kuiper ер йўлдошлари тармоғига уланиш бўйича дистрибьютерлик шартномаси имзоланди. Компания Алмати, Ақкўл ва Ақтауда 200 миллион доллар сармоя киритган ҳолда ўз инфратузилмаларини ўрнатиш ниятида.

 

Cerberus Capital Management етакчиси Фрэнк Бруно билан Транскаспий транспорт йўналиши салоҳияти муҳокама қилинди. Компания уни риожлантириш учун сармоя киритишдан манфаатдор.

Қозоғистон Президенти Америка бизнеси етакчилари билан учрашувлари давомида Chevron корпорацияси директорлар кенгаши раиси ва бош ижрочи директори Майкл Уирт билан ҳам учрашди. Томонлар Тенгизни кенгайтириш, Қарачағанақда газ қазиб олиш ва уни қайта ишлаш истиқболлари, шунингдек, углеводородларни дунё бозорига чиқариш учун Ўрта йўлакдан фойдаланиш имкониятларига эътибор қаратишди.


Майкл Уирт, Chevron корпорацияси раҳбари:


- Кун тартибида Тенгизда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, энергетика сектори ва Қозоғистон иқтисодига инвестиция имкониятлари бор эди. Биз Европа ва дунё бозорларига энергия захиралари етказиб бериш масалаларини муҳокама қилдик.


Президент Тўқаев АҚШ тадбиркорларини қабул қилди


Президент Тўқаев Қозоғистоннинг нефть-газ соҳасидаги етакчи ҳамкорларидан бири — ExxonMobil корпорацияси раҳбари Даррен Вудс билан ҳам Тенгиз ва Қашаған конлари истиқболларини муҳокама қилди.


Қосим-Жўмарт Тўқаев Meta вице-президенти Янн Лекун билан инновациявий технологиялардан фойдаланиш имкониятлари ҳақида гаплашди.


Бундан ташқари, рақамлаштириш ва Қозоғистонда маълумотлар марказлари яратиш масаласида Давлат раҳбари Blackstone компанияси бошқаруви раиси Стивен Шварцман билан музокаралар олиб борди.


Бразилиянинг Embraer авиасозлик компанияси етакчиси Франсиско Гомес Нето билан юк ташиш соҳасида ҳамкорлик мавзусида фикр алмашинилди. Томонлар Қозоғистонда ушбу маркадаги самолётларга техник хизмат кўрсатиш маркази очиш истиқболларини кўриб чиқди.


Қосим-Жўмарт Тўқаев Citigroup банк гуруҳи бош ижрочи директори билан Қозоғистондаги кенг кўламли лойиҳаларни молиялаштириш масаласини кўриб чиқди. Жейн Фрейзер таъкидлашича, ушбу ташкилотда мамлакатимиз билан ҳамкорлик энг муҳим йўналишлар қаторига киритилган.


Абдумалик Сарманов таржимаси