Қозоғистон – Хитой муносабатлар
ижобий томонга ривожланишда давом этяпти. Барча йўналишларда самарали ҳамкорлик
йўлга қўйилди. Пекинда бўлиб ўтган музокараларда Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Си
Цзиньпин шуни таъкидлади. Савдо жадал ўсяпти, инвестиция кўпайиб бормоқда.
Мамлакатлар 20 миллиард доллар қийматга
эга 50 дан зиёд қўшма лойиҳани рўёбга чиқаряпти. Давлат раҳбарлари нефть-газ,
нефть химияси, энергетика, молия, транспорт-транзит соҳалари, шунингдек, атом
саноати, машинасозлик, электрон коммерция ва юксак технологиялар бўйича
ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини кўриб чиқишди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон
Республикаси Президенти:
- 2024 йил Хитойда Қозоғистон туризми
йили, деб эълон қилинди, бу эса соҳанинг истиқболларини кенгайтиради. Ўзаро
маданий-гуманитар алмашинув учун қулай шарт-шароитлар яратиляпти. Қозоғистон ва
Хитой давлатлараро алоқаларни янги сифат даражасига олиб чиқиш имкониятига эга.
Имкониятдан фойдаланиб, жаноб раис Си Цзиньпин, сизни келаси йили Қозоғистонга давлат
ташрифи билан келишга таклиф этишни истар эдим.
Қозоғистон Президенти таъкидлашича,
у ХХР раисининг «Ягона макон, ягона йўл» 3-халқаро ҳамкорлик форумига таклифини
бажонудил қабул қилган. Давлат раҳбари алоҳида таъкидлашича, республика глобал
ташаббусларни илгарилатишда фаол қатнашяпти. ХХР раиси ўз навбатида Қосим-Жўмарт
Тўқаевга таклифини қабул қилгани учун миннатдорчилик билдирди ва ўзаро фойдали
ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратди. Си Цзиньпин таъкидлашича,
Хитой Қозоғистоннинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини, ўтказаётган
ислоҳотларини тўла-тўкис қўллаб-қувватлайди.
Си Цзиньпин, ХХР раиси:
- Соғлом, барқарор ва фаол
ривожланаётган Хитой – Қозоғистон муносабатлари икки давлат ўртасида ишончни
мустаҳкамлайди ва тинчлик, барқарорликка хизмат қилади. Халқаро вазият қандай
ўзгаришидан қатъи назар, Хитой ва Қозоғистон бир-бирига ёрдам беришда давом этади. Дўстлик
алоқалари ўрнатилган йиллар давомида абадий, ҳар томонлама пишиқ стратегик
ҳамкорликни шакллантириб улгурдик. 10 йил аввал мен Қозоғистонда «Ягона макон, ягона
йўл» лойиҳаси ташаббусини кўтарган эдим.
Таъкидлаш лозимки,
Қозоғистон ва Осмон ости мамлакати қатор
шартнома ва меморандумлар имзолаган. Транскаспий халқаро транспорт йўналиши, Хитойдан
Европага контейнер поездлари алоқаси шартномаси ҳам шулар қаторида.
Абдумалик Сарманов таржимаси.