Қозоғистон Президент транспорт ходимларини қутлади

Қозоғистон Президент транспорт ходимларини қутлади

Бугун Қозоғистон Президент транспорт ходимларини касб байрами билан қутлади. Шу кунларда соҳада 770 минг одам ишлайди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, улар мамлакат ривожига улкан улуш қўшиб келяпти, бу соҳа иқтисодий ўсишнинг муҳим омили бўлгани ҳолда стратегик аҳамиятга эга. Қозоғистон Евроосиёнинг асосий транзит тугунларидан бири. Транскаспий Халқаро транспорт йўналиши фаол ривожланяпти, у орқали Хитой, Марказий Осиё ва Европага юк етказиб бериляпти. Ўтган йили ХХР билан бирга Сиан шаҳри марказида транспорт-логистика маркази очилди. Қозоғистон ўз ҳудудидан ўтган транспорт йўлаклари инфратузилмасини навбати билан модернизация қиляпти.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Яқин келажакда мамлакатдаги темирйўл тармоқлари узунлиги анча ошиши кутиляпти. 11 минг километрли линиялар таъмирланяпти, 5 минг километр йўл қурилади ва модернизацияланади. Трансқозоғистон темирйўл йўлаги лойиҳаси бўйича кенг кўламли ишлар бошланди. Топшириғимга кўра, умумий узунлиги 323 километр бўлган «Мўйинти – Қизилжар» темир йўли қуриляпти.

Давлат раҳбарининг фикрича, машинасозлик сектори алоҳида эътибор талаб қиладиган яна бир муҳим соҳа ҳисобланади. Унда маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ўта муҳим. Ҳозир Астанадаги завод юк ва йўловчи электровозлар чиқаряпти. Бундай корхоналарга давлат ёрдами берилади, дея таъкидлади Президент. Мамлакат транспорт сиёсатидаги яна бир муҳим масала: автойўллар ва авиаалоқаларни ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Бошқа бир муҳим вазифа – ҳаво орқали юк ташишни кенгайтириш ҳамда Қозоғистоннинг минтақадаги етакчи авиахаб сифатида ривожланиши. Ҳукумат миллий юк ташувчи авиаташкилот тузиш ниятини билдирди. Умуман олганда, Қозоғистоннинг фуқаро авиациясини ва ҳаво орқали юк ташишни кенгайтириш аҳамияти транспорт соҳаси билан чекланмайди. Бу иқтисодий ўсишни, халқаро нуфузни, мамлакат суверенлигини таъминлашда катта аҳамиятга эга стратегик вектор.

Тантанали маросимда Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг шахсан ўзи соҳа илғорларига давлат мукофотлари топширди.

Абдумалик Сарманов таржимаси