Президент қатор учрашувлар ўтказди

COP-29Бутунжаҳон Иқлим саммити майдонида  Қосим-Жўмарт Тўқаев бир қатор учрашувлар ўтказди. Қувайт вориси – шаҳзода шайх Сабоҳ Холид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ билан бўлган суҳбатда Қозоғистон Президенти шуни таъкидладики, мамлакатимиз икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашни мақсад қилган. Шу билан бирга, Қувайт мамлакат иқтисодиётининг йирик сармоядорларидан бирига айланиши мумкин. “Марказий Осиё-Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” шериклиги форматига алоҳида эътибор қаратилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев, шунингдек, Руанда Президенти билан учрашди. Томонлар барча соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлик билдирди.

Давлат раҳбари Поль Кагамедан юртимизга ташриф буюришни сўради. Туркия Президенти билан эса Қосим-Жўмарт Тўқаев ўзаро муносабатлардаги ўсишни муҳокама қилди. Давлатлар ўртасида сиёсий мулоқот ва савдо алоқалари йўлга қўйилган. Ўтган йили маҳсулот айланмаси 6 миллиард долларга етган, ҳозирда тарафлар уни 15 миллиард долларга етказишни кўзламоқда. Ўз навбатида, Ражаб Тоййиб Эрдўғон келаси йили Анқарада икки давлат ўртасида юксак даражада бўлиб ўтадиган Стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилишида бир қатор янги келишувлар имзоланишига урғу бериб ўтди. Шунингдек, Қосим-Жўмарт Тўқаев Буюк Британия Бош вазири, БАА, Молдова, Монголия, Ўзбекистон, Тожикистон президентлари ва бошқа юқори мартабали шахслар билан учрашди. Давлат раҳбари «Ал-Азҳар» университети Олий имоми билан ҳам суҳбатлашди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев шайх Аҳмад ат-Тоййибни келгуси йили Астанада бўлиб ўтадиган Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VIII съездида иштирок этишга таклиф қилди.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.