Қозоғистонда сунъий интеллект миллий майдончаси барпо этилади. Нейрон тармоқлар ёрдамида иқтисоднинг турли соҳалари учун йилига 25 тагача маҳсулот яратиш мўлжалланяпти. Яна бир мақсад – республикада суперкомпьютер жойлаштириш ва сунъий ақлнинг нозик қирраларинитушунадиган ярим миллион мутахассис тайёрлаш. Талабаларга сунъий интеллектни ўргатувчи олий таълим масканлари улушини 60 фоизга етказиш режалаштирилган. Ҳукуматда маълум қилишларича, келгуси беш йил давомида сунъий интеллектни ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Ҳужжатда ундан устувор тарзда фойдаланиш кўзланган соҳалар белгиланган ва 2029 йилгача рўёбга чиқарилиши кутилаётган қатор вазифалар белгиланган. Шу жумладан, тегишли инфратузилма яратиш, маълумотларга ишлов бериш бўйича янги марказлар қуриш, қонунчилик базасини такомиллаштириш режалаштирилган.
Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
– Қозоғистонда умуман олганда ахборийлаштириш бўйича тегишли ҳужжатлар асослари қабул қилинган. Лекин сунъий интеллект билан боғлиқ қонунчилик базасини такомиллаштириш ишларини фаоллаштириш зарур. Шунинг учун Адлия вазирлигига энг қисқа муддатда тегишли ўзгаришларни кўриб чиқишлари учун қонун лойиҳалари бўйича комиссияга юборишни топшираман.
Яна 4 та газни қайта ишлаш заводи қурилади
Қозоғистонда яна 4 та янги газни қайта ишлаш заводи қурилади. Улар 2026-2030 йилларда ишга тушади. Ҳукумат йиғилишида Энергетика вазири Алмасадам Сатқалиев таъкидлашича, Қашаған кони базасида йилига 1 ва 2,5 миллиард куб метр, Қарачағанак конида йилига 4 миллиард куб метр қувватга эга корхоналар қурилади. Жанаўзен шаҳрида 900 миллион куб метр қувватга эга газни қайта ишлаш заводи бунёд этилади. Шунингдек, мамлакатни газлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Алмасадам Сатқалиев, Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири:
– 2023 йил якунига кўра, мамлакат аҳолисининг 60% фоизи, жами 12 миллион одам газдан фойдаланиш имконига эга бўлди. Газлаштириш учун республика бюджетидан 89,3 миллиард тенге ажратилди. Ҳукумат режасига кўра, бу мақсадда қўшимча 105,4 миллиард тенге сарфланади. Натижада, яна 300 минг фуқаро “зангори оловдан фойдалана бошлайди. 1 минг 700 километр газ тармоғи модернизация қилинади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.