Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев 6 давлат – Миср, Сербия, Люксембург Буюк герцоглиги, Австралия, Колумбия, Сурия давлатлари элчилари ишонч ёрлиқларини қабул қилди. Ақўрдада ўтказилган тадбирда дипломатларни расмий миссия бошланиши билан табриклар экан, Давлат раҳбари Қозоғистоннинг бунёдкорлик ва тинчликсеварликка асосланган ташқи сиёсатига эътибор қаратди. Республика барча давлатлар билан яхши муносабатлар боғлашни истайди, бунинг учун барча йўналишларда ҳамкорлик давом этади, деб таъкидлади Қосим-Жўмарт Тўқаев. Қозоғистон Президенти элчиларга муваффақиятлар тилади ва Қозоғистон Ҳукумати уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишини алоҳида тилга олди. Шунингдек, у давлат раҳбарларига ҳам энг яхши тилакларини билдирди.
Томас Райзен, Люксембург Буюк Герцоглиги элчиси:
– Мен яна бир марта Қозоғистонга келганим, мамлакатингиз Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевга ишонч ёрлиғини топширганимдан бахтлиман. Ўзаро ҳамкорликнинг муҳим даврида ушбу лавозимга тайинландим. Икки йил аввал биргаликда дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаган эдик. Элчи сифатида икки томонлама алоқалар янада чуқурлашиши учун бор кучимни бераман.
Эктор Исидро Асренас Нейра, Колумбия Республикаси элчиси:
– Халқаро сиёсат масалаларида Колумбия ва Қозоғистоннинг фикрлари бир-бирига тўғри келади. Асосий мақсадимиз ҳам муштарак – мамлакатларимиз ютуқлари. Колумбия ҳам Қозоғистон каби глобал исиш, энергетика захиралари ва биоривожланиш масалаларида фаол ишлаш ниятида.
Абдумалик Сарманов таржимаси.