Президент элчиларнинг ишонч ёрлиқларини қабул қилди

Президент элчиларнинг ишонч ёрлиқларини қабул қилди

«Ақўрда» қароргоҳида етти давлат - Беларусь, Таиланд, Молдова, Мьянма, Кения, Албания ва Италиянинг фавқулодда ва мухтор элчилари Қозоғистон Президентига ишонч ёрлиқларини топширди. Қосим-Жўмарт Тўқаев дипломатларни Қозоғистондаги миссиялари бошланиши муносабати билан табриклади ва улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини таъкидлади. Қозоғистон мустақил ва кўп векторли ташқи сиёсат юритишини кўрсатиб ўтди. Президент халқаро муносабатларда аввало мулоқот ва ҳамжиҳатлик тамойилларига ҳамда БМТ низомига қатъий риоя этиш ўта муҳимлигини билдирди.

Штефан Горда, Молдова Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги элчиси:

- Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни стратегик даражага чиқараяпмиз. Халқаро саҳнада фаол ҳамкорлик қилаяпмиз. Мен яна бир нарсани алоҳида таъкидлашни истайман: Астана – ажойиб шаҳарлигига шубҳа йўқ!

Антонелло де Риу, Италия Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги элчиси:

- Мен учун Италия Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги элчиси вазифасига киришиш жуда катта шараф ва масъулият. Жўғрофик жиҳатдан узоқ бўлса ҳам ушбу давлатни Италия билан мустаҳкам маданий алоқалар боғлаб турибди. Бу масофа иқтисод, маданият, ижтимоий муносабатларни ривожлантиришимизга моне бўла олмайди.

Абдумалик Сарманов таржимаси