Қосим-Жўмарт Тўқаев
Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси билан учрашди. Қозоғистон етакчиси Туркий
давлатлар ташкилоти юбилей саммитида шахсан қатнашганлиги учун Қурбонгули Бердимухамедовга
миннатдорчилик билдирди. Қозоғистон Президенти ушбу учрашув қардош халқлар
ўртасидаги ўзаро фойдали ҳамкорликни мустаҳкамлашини таъкидлади. Бугунги кунда Қозоғистон
– Туркманистон муносабатлари муваффақиятли ривожланяпти ва стратегик ҳамкорлик
мезонларига тўғри келади. Қурбонгули Бердимухамедов ҳам икки давлат ўртасидаги
ҳамкорликни юқори баҳолади. Суҳбатдошлар ўзаро савдодаги ижобий динамикани, энергетика,
саноат, транспорт, логистикадаги қатор лойиҳаларни рўёбга чиқаришдаги ижобий ўсишни
тилга олишди. Маданий-гуманитар алоқаларни чуқурлаштиришга тайёрлигини
тасдиқлашди.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Қозоғистонда
сизни Туркманистоннинг етакчиси, замонамизнинг энг буюк давлат арбобларидан
бири сифатида танишади. Сиз Қозоғистон ва Туркманистоннинг ўртасида ҳамкорликни
ривожлантиришга катта ҳисса қўшдингиз. Шунинг учун, менимча, Сизнинг
ташрифингиз ва бугунги учрашувимиз улкан амалий ва сиёсий аҳамиятга эга. Албатта,
мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича айтадиганларимиз
бор. Биз қардош ва қўшни давлатлармиз. Қозоғистон ва Туркманистон ўртасида ҳеч
қандай муаммо йўқ. Фақат қардошлик ҳисси бор.
Қурбонгули Бердимухамедов,
Туркманистон халқ маслаҳати раиси:
- Ўтган йиллар
давомида биз ташқи сиёсат, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар масалаларда
ҳуқуқий база яратдик. Ташқи сиёсий масалаларга келганда, биз Сиздан
миннатдормиз. Ҳамиша ижобий нейтрал мақомимизни қўллаб-қувватлагансиз. Алоҳида
таъкидлашни истардимки, Бирлашган Миллатлар ташкилоти тузилмаларида раҳбар
лавозимларда ишларкансиз, ташқи сиёсатимиз учун хизматлар қилганингиз учун
Сиздан миннатдормиз.
Абдумалик Сарманов
таржимаси.