Қалибек Қуанишбаев номли қозоқ мусиқали драма театри томошабинларини янги постановка билан қувонтирди. Унинг саҳнасида авваллари Абилайхон, Зере, Абай каби тарихий шахслар жонланган, энди улар қаторига Қўнонбой образи ҳам қўшилди. Спектакль сценарийси шу номли кинокартина асосида ёзилган. Постановкачи режиссёр Бўлат Узақов айтишича, артистлар буюк мутафаккирнинг отаси қандай бўлганини саҳнада намоён қилган.
Бўлат Узақов, постановкачи режиссёр:
- Постановкамизни Таласбек Асемқулов романи ва яқинда экранларга чиққан Дўсхан Жўлжақсинов фильми билан таққосласак, Қўнонбой бизда бирмунча бошқачароқ кўринади. У бир йил умрини ҳибсхонада ўтказган, ваҳоланки, ўзи жуда бой одам бўлган, қўлида ҳокимият бор эди. Ўша дамда эса зиёрат қилиш ниятини билдирган. Қаҳрамоннинг у ёки бу қарорларга келиш сабаби менга ҳам қизиқ. Бу жараён постановкада тўлақонли аксини топган.
Қўнонбой образини театр артистлари икки таркибда ижро этади. Премьера куни томошабинлар қаршисига Қозоғистонда хизмат кўрсатган артист Ерлан Малаев чиқди, актёр Нартай Сауданбекули ҳам бу образни очиб беришга ҳаракат қилди. Актёр бу ролга ўзи талабгор бўлди.
Нартай Сауданбекули, актёр:
- Мен аввал Балуан Шўлақ, ботир Баян ролларини ўйнаганман, кўпинча менга чегараларни қўриқлаган ва халқни душмандан ҳимоя қилган курашчилар, ботирлар ролларини беришарди. Мен ўзимга тўғри баҳо беришни истардим, масалан, Абай ролини ўйнашни таклиф қилишса – буни бажара олмаслигимга кўзим етади. Томошабинлар менга ишонмайди. Лекин Қўнонбой образи тўғри келади, деб ҳисоблайман. Уни ўйнай олганимдан бахтлиман.
Эслатамиз, спектакль икки ажойиб сана – мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги ва театр юбилейига бағишланди.