Алматида «Абай йўлидан» кўргазмаси очилди

Алматида «Абай йўлидан» кўргазмаси очилди

Алматида «Абай йўлидан» кўргазмаси очилди. Буюк шоир ва мутафаккирнинг 180йиллигига бағишланган тадбирда турли техникалартасвирий санъат, графика ва декоратив‑амалий санъат усулида яратилган 80 дан зиёд асар намойиш этилди. Экспонатлар қаторида Абай портретлари, унинг шеърлари ва поэмаларига чизилган суратлар, буюк қозоқ шоири асарларининг график талқини, шунингдек, файласуф тилга олган бой маданий меросдан илҳомланиб яратилган ишлар бор. Ташкилотчилар таъкидлашича, экспозиция тарих билан тиллашиш, қозоқ маданиятининг теранлигини ҳис этиш ва Абай меросига янгича назар ташлаш имконини беради.


¤

Тилек Чуленов, Қозоғистон Республикаси Рассомлар уюшмаси аъзоси:


Менинг ишим коинот мавзусида. Буюк қозоқ шоирини, образини, юз ифодасини ўзгартирмаган ҳолда, скафандрда тасвирладим. Ҳамма билган тарзда бердим. Давр қанчалик жадал ўзгараётган бўлса ҳам, ўз ишим орқали буюк мутафаккирнинг бой мероси ва донишмандлигини кўрсатишни истадим.


Кўргазма доирасида мастер‑класслар ўтказилади, уларда анъанавий тасвирий санъат ва графика техникаси намойиш қилинади. Ташриф буюрганлар миллий ҳунарларни, шу жумладан, намат, чармни қайта ишлаш, кашта тикишни ўрганиши мумкин.


Бўлатбек Нурбатиров, Абай номли миллий педагогика университети битирувчилари ҳамжамияти раҳбари:


Кўргазма мавзуси Абай асарларига, унинг «Қора сўзлари»га, кўринишига асосланган. Биз кўриб турган асарлар қаторида графикага алоҳиджа эътибор бериш мумкин. Техникаси мураккаб, ҳар бир чизиқ бетакрор, у муаллифнинг беназир дастхати мавжудлигини кўрсатади.


 Абдумалик Сарманов таржимаси