Този итларининг ирсий ўзига хослиги тасдиқланди

Юксак ирсий хилма-хиллик ва қуйи даражадаги инбридингли ўзига хос зот. Қозоқ тозисини илмий ўрганиш шундай натижа берди.  Бундай ит зотининг энг қадимий ва тоза қонли эканлигини, юз йиллар давомида сифатларини сақлаб келганини исботлаш учун қозоғистонлик олимлар уч йил сарфлади. Тозини Қозоғистоннинг етти хазинасидан бири ва қиймати бебаҳо миллий бойлиги деб бемалол аташ мумкин.

Искандер Ильдаров, Генетика ва физиология институти матбуот котиби:

- Бу зот аслида ҳам бетакрор, ундаги генлар на турк, на рус, на афғон овчи итида такрорланади. Биз, генетик олимлар археологик материаллар ва маълумотларга таяниб, този зоти қанчалик қадимийлигини аниқлашга ҳаракат қиляпмиз. Тарихий маълумотларга кўра у минг йилдан аввал пайдо бўлган.

Энг қадимий итлардан бири, деган мақомни тасдиқлаш учун олимлар энг янги молекуляр-генетик тадқиқот усулларидан фойдаланишди. У този геномининг энг қуйи қисмларига назар ташлаш имконини берди. Бундан ташқари, экспертлар бу зотнинг ўзини тутиши, физиологияси ва мослашишини ўрганди. Тозининг тезлиги ва бардошлилиги учун жавоб берувчи генни аниқлашди.

Бахитжан Бекманов, Генетика ва физиология институти етакчи илмий ходими, профессор:

- Бу графикада қозоқ тозиси билан афғон, рус овчи ити, араб салюки,  блотхаунд, оттерхаунд ва кулранг бўри таққосланган. Жаҳон фанида афғон овчи ити ва салюки энг қадимий ит зотлари ҳисобланади. Қизиғи шундаки, қозоқ зоти ҳам улар билан тенг даражада эканлиги кўриниб турибди. Демак, унинг ҳам қадимийлигига шубҳа йўқ. 50 авлод илгари минтақамизда този популяцияси кескин камайган, у «бутилка бўғзи»дан ўтган. У шу қадар камайган. Лекин ҳозир бундай хавф йўқ, този кўпайиши учун ҳамма шароитлар бор, у жадал ривожланишда давом этяпти.

Норасмий маълумотларга кўра, Қозоғистонда уч мингтагача този бор. Уни сақлаб қолиш бўйича ишлар олиб бориляпти. Махсус дастур тузилган. Энди уни алоҳида ит зоти сифатида халқаро миқёсда тан олиш масаласини ҳал қилиш керак, дейди олимлар. 

Абдумалик Сарманов таржимаси