Павлодар вилоятидаги университетлардан бирида таълим олаётган нигериялик талаба Авраам Салако Баянаулдаги энг манзарали, машҳур масканларни томоша қилишга қарор қилди. Бу диққатга сазовор гўша ҳақидаги батафсил маълумотни туризм полициядан олди. Бир нечта тилда гаплашувчи ходимлар меҳмонларга ўлка тарихи ва маданияти ҳақида сўзлаб беришга тайёр.
Авраам Салако, турист:
- Қозоғистон бўйлаб айланиб чиқиш ва мамлакат табиати, маданияти билан танишишни орзу қиламан. Менга экскурсия дастурида Баянаулга боришни таклиф қилишди, менимча, бу жуда яхши тажриба бўлди. Бу ердаги тоғлар, яшиллик менга улкан завқ бағишлади. Ҳатто бу туман ўтмиши билан қисқача танишиш имкониятига эга бўлдим. Албатта, бу ер бироз совуқ, лекин бунинг умумий таассуротга алоқаси йўқ.
Дарвоқе, курорт зонасида полициячилар нафақат хорижлик сайёҳлар билан иш олиб боради, балки жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлашга ҳам масъулдир. Ходимлар электромобиллар ва квадроциклларда ҳаракатланади.
Икрам Каленов, турполиция инспектори:
– Туристларни кутиб оламиз. Мавсум бошланди, ҳозир таътил олинадиган пайт, одамлар келади, яқин ва узоқ хориждан сайёҳлар келади. Биз уларга қўлдан келганича ёрдам берамиз. Ҳар қандай масалада.
Мурат Мусатаев, Баянаул туман полиция бўлими бошлиғи:
– Бугунги кунда туризм полицияси ходимлари туманимизнинг энг диққатга сазовор йирик объектларида хизмат қилмоқда. Вилоят марказидаги Марказий соҳилбўйида, Баянаул туманидаги Миллий паркда ишлаймиз. Ходимларимиз кеча-кундуз навбатчилик қилади. Жасибай ҳамда Тўрайғир дам олиш масканлари ҳудудида ҳам шундай хизмат мавжуд. Ходимлар 12 соатдан ишлайди.
Ўтган йили мавсум давомида бу ерда етмиш мингча сайёҳ бўлган. Жорий йилда эса янада кўпроқ меҳмон кутилмоқда, хусусан, хорижий юртлардан ҳам.
Абдумалик Сарманов таржимаси