Павлодар вилоятида ноёб артефактлар топилди

Қозоғистон археологлари Павлодар вилоятига қилинган экспедиция давомида ноёб артефактлар топишди. Уларнинг ичидаги энг қимматлиси – бронзадан ясалган найза учи. Унинг саргар-алексеев маданиятига, эрамиздан аввалги 13-8 асрларга оидлиги тахмин қилиняпти. Қазиш ишлари давомида сопол идиш-товоқ синиқлари ҳам топилган.

Диас Ибраев, А. Марғулан номли Павлодар педагогика университети Археологик тадқиқотлар институти талабаси:

– Сопол фрагментларига эътибор берсак, улардаги нақшлар тирноқ билан чизилганини кўрамиз. Бу ҳам нақш туширишнинг бир усули. Керамиканинг яна бир бўлагида ҳам ўша услуб сақланган, лекин ташқи қисми анча силлиқроқ. Бошқа сопол идишда эса тароқсимон услубда расм чизилган. Уч бурчак ва тўғри чизиқ шаклидаги расмлар бор. Сопол буюмларнинг яна бир туркумидаги нақшлар Новосибирскдагига ўхшайди. Лекин у ердагидан фарқли равишда Кўктас мажмуасидаги турли қадимий сопол бўлаклари бир-бирига яқин жойдан топилди.

Ушбу ҳудудда сак даврига оид 20 дан зиёд қўрғон борлиги аниқланган. Мозорларда кўп сонли одамлар ва жониворларнинг суяклари топилган.

Владислав Голоденко, А. Марғулан номли Павлодар педагогика университети Археологик тадқиқотлар институти ходими:

– Тадқиқотлар давомида қабр ўрасида, атиги 30 сантиметр чуқурликда сак давридагиларга жуда ўхшаш сирға топилди. Бу эса мазкур объект ўша даврга оид эканлиги ҳақида тахмин қилиш имконини беради. Шунингдек, мазкур объектда майит шарқдан ғарбга қараб ётқизилганини аниқладик. Афсуски, тупроқнинг ўзига хослиги сабабли суякларни сақлаб қололмадик. Келгуси вазифамиз – тадқиқотни давом эттириш ва дафн этилган одамнинг жинси, тахминий ёшини аниқлаш, қўшимча артефактлар топиш. 

Қазиш ишлари давомида 3,5 минг йиллик бинолар, мис рудаси қазиб олинган ва қайта ишланган шахталар топилди. Ҳозир артефактларга лабораторияда ишлов бериляпти.

Абдумалик Сарманов таржимаси.