Атирау оркестри - Берлинда

Атирау оркестри - Берлинда

Қозоғистон мусиқачилари Берлинни забт этди. Германия пойтахтида Дина Нурпеисова номли Атирау академик халқ чолғулари оркестри концерти бўлиб ўтди. Бир ярим соатлик дастур икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланди.

Атирау оркестри репертуаридан 800 дан зиёд асар жой олган. Улар орасида халқ композициялари ҳам, жаҳон классикаси ҳам, машҳур фильмлар саундтреклари ҳам бор. Берлинда мусиқачилар «Буюк Дашт мусиқаси - Европада» деб аталган махсус дастурини намойиш қилди. Унда қозоқ халқ мусиқаси дурдоналари  тақдим этилди. Байрам кечасини Туркеш ижодига мансуб «Кўнгилочар» куйи очиб берди. Сўнгра оркестр Қурманғази ва Дина Нурпеисова асарларини тақдим этди.

МАТТИАС ЛЮТТЕНБЕРГ, ГФР ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ ВАКОЛАТЛИ ВАКИЛИ:

- Концерт менга жуда ёқди. Қозоқ миллий чолғу асбобларининг мусиқий ранг-баранглигидан завқ олдим, миллий мусиқангиз билан танишдим. Оркестр ижро маҳоратини жуда юксак даражада намойиш этди. «Радецкий марши»ни тинглаб ҳайратландим. Жуда қизиқарли талқинда ижро этилди.

Дўмбира, қилқўбиз ва шертернинг бетакрор оҳанглари тингловчиларни ўзига маҳлиё қилди. Томошабин яккахонлар маҳоратини қарсаклар билан олқишлади. Ижоди немис классиги Гёте билан боғланган Абай мусиқаси эса яхши сюрприз бўлди.

САҒИНТАЙ КЎПЖАСАРОВ, ДИНА НУРПЕИСОВА НОМЛИ АТИРАУ ХАЛҚ ЧОЛҒУЛАРИ ОРКЕСТРИ РАҲБАРИ:

- Биз жаҳон классикасидан асарлар келтирдик, улар қаторида Иоганн Штраус композицияси ҳам бор. Иоганн Гёте ижодига мансуб «Жаҳонгаштанинг тунги қўшиғи» ижро этилди, бу асар Абай Қўнонбоев томонидан қозоқ тилига таржима қилинган ва мусиқа басталанган. У немис тингловчисига биздан совға бўлди. Бу - Берлин концерт залидаги биринчи чиқишимиз. Бу ерда ажойиб акустика бор. Жуда мамнун бўлдик.

Томошабинлар эътиборига йигирмага яқин асар ҳавола этилди. Кеча сўнгида дўмбирачилар томонидан «Тартис» куйи ижро этилди. Концертдан сўнг эса  тингловчи ва ижрочи ўртасида самимий мулоқот бўлиб ўтди. Талаб ва таклифларга биноан, мусиқачилар яна учта асар ижро этди.  Таъкидлаш лозим, жамоа энди Ганновер шаҳрига йўл олади.

Абдумалик Сарманов таржимаси