Парламент вакиллари - ШҲТ саммити ҳақида

Астанадаги Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити Қозоғистоннинг нуфузини, унинг манфаатларини глобал саҳнада илгари сурадиган яна бир муҳим восита бўлади. Ҳозирги геосиёсий вазиятни ҳисобга олганда, ташкилотга аъзо мамлакатлар учрашуви алоҳида аҳамият касб этади. ШҲТга Беларуснинг аъзо бўлиши сиёсий жиҳатдан ҳам, иқтисодий жиҳатлан ҳам муҳим. Депутатлари таъкидлашича, Қозоғистонда халқаро аҳамиятга эга тадбирнинг ўтказилиши минтақавий савдони кенгайтириш ва инвестициялар, шунингдек, «Шарқ-Ғарб» ва «Шимол-Жануб» йўлаклари бўйлаб транзит юклар ташилиши салоҳиятини фойдали тарзда йўлга қўйиш учун янги имкониятлар очади.  

 

Айдўс Сарим, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси депутати:

 

- Бу Қозоғистоннинг ўзлигини топишига, геосиёсий зиддиятлар даврида қатор масалаларни ҳал қилишга йўл очувчи, глобал кун тартибида Қозоғистоннинг манфаатларини имкон қадар таъминлаш имконини берувчи нуфузли ташкилотлардан бири. Бугунги вазиятда энг кўп фойда кўрганлар қаторида Хитой турибди. Улкан Ҳиндистонни ҳам унутмаслик керак. Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам, Туркманистон ҳам Афғонистон орқали транзитни йўлга қўйишдан манфаатдор. Бунга эришсак, Эронга, Ҳиндистонга чиқиш йўлларини оча олсак – қисқа вақт ичида Форс кўрфазига, жаҳон бозорига чиқадиган жуда катта маҳсулот оқими яратишимиз мумкин бўлади.


Абдумалик Сарманов таржимаси