Туркия билан ҳамкорлик кенгайиб бормоқда

Туркия билан ҳамкорлик кенгайиб бормоқда

Қозоғистон ва Туркия ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда фаол ҳамкорлик давом этмоқда. Айни пайтда, томонлар ҳарбий-техник шерикликка ҳам эътибор қаратмоқда. Шу кунларда давлатлар 2024 йил учун ҳарбий ҳамкорлик режасини имзолади. Мудофаа вазирликлари ҳарбий илм-фан, таълим, жанговар тайёргарлик борасида ўзаро шерикликни йўлга қўйган. Шу билан бирга, келаси йили республикамизда зарба берувчи учувчисиз жиҳозлар ишлаб чиқарадиган корхона очилиши режалаштирилган. Қолаверса, Қозоғистонда оптика ишлаб чиқарадиган қўшма корхона фаолият юритмоқда. Икки мамлакат Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ҳам ўзаро ҳамкор. Ташкилот мақсади – минтақада тинчлик-барқарорликни мустаҳкамлаш, халқаро шерикликни чуқурлаштириш. Турк сиёсатшуноси Фират Ялдиз фикрича, мазкур бирлашма ва ҳамкорлик ҳарбий блок даражасига чиқмайди. У хавфсизлик масаласи, трансмиллий жиноятчилик, терроризмга қарши кураш борасида шерикликка қаратилган.

Фират Ялдиз, Сиёсатшунос, Кастомону университети профессори:
- «Туркий олам истиқболлари-2040» деб номланган ҳужжатда кўрамизки, нисбатан беқарор халқаро вазият юзага келган бир пайтда,  ТДТга аъзо мамлакатлар орасидаги шериклик туркий халқлар бирдамлигига йўналтирилган, бу эса жамоавий хавфсизликнинг умидли кафолати. Аммо бу ҳарбий блоклар ҳамкорлигига ўхшамайди. Бу ерда гап буткул бошқа нарса ҳақида. Туркий дунё давлатлари ноқонуний наркотик айланмаси, уюшган жиноятчилик, терроризм, экстремизм ва бошқаларга қарши курашиш каби масалаларни ҳал этишни мақсад қилган. Шу сабабли, ўйлашимча, яқин келажакда Туркий давлатлар ташкилоти ҳарбий таълим, ҳарбий фанлар, ҳарбий тайёргарлик ва бошқа йўналишларда ҳам ҳамкорликни муваффақият билан амалга оширади. Менинг назаримда, яқин келажакда бизни шу масалалардаги фаол шериклик кутмоқда.

Абдумалик Сарманов таржимаси.