Астанада Давлат маслаҳатчиси Ерлан Қарин раислиги остида Парламент ислоҳоти бўйича ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Унда бир палатали Парламент шакллантириш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Таъкидлаш лозимки, ишчи гуруҳ аъзолари ва фуқароларнинг е-Otinish ҳамда E-gov майдончалари орқали келиб тушган ташаббуслари муҳокама қилинганди. Йиғилишда бўлғуси Парламент депутатлари билимига қўйиладиган талаблар, сайлаш тартиби, сони ва сифат таркиби, ваколат муддати ва квоталарга оид таклифлар кўрилди. Барча таклифлар маълум бир тизимга келтирилди. Парламент ислоҳоти бўйича асосий механизмларни ишлаб чиқиш давом эттирилади.
Ерлан Қарин, Қозоғистон Республикаси Давлат маслаҳатчиси:
- 15 ноябргача бўлган муддатда Парламент ислоҳоти бўйича таклифлар ишчи гуруҳ аъзолари ва 6 та партияга юборилди. Барча тавсияларни 3 тоифага ажратган ҳолда кўриб чиқяпмиз. Шу жумладан, сиёсий партияларнинг таклиф-тавсияларини алоҳида тартибда муҳокама қиламиз. Ишчи гуруҳи ундан ташқари е-Otinish ва E-gov майдончалари орқали тушган фуқаролар ва жамоат арбобларининг бошқа фикрларини ҳам жамладик. Давлат раҳбари ишчи гуруҳ доирасида тўпланган таклифларни ҳар томонлама муҳокама қилиш ва Парламент тизимини янгилашга қаратилган таклифлар тайёрлашни топширди. Бу – ишчи гуруҳнинг асосий вазифаси.
Абдумалик Сарманов таржимаси

