Қосим-Жўмарт Тўқаев Ислом Тараққиёт банки ва ИКАО президентлари биолан учрашди

Қозоғистон Президенти ва Ислом Тараққиёт банки раҳбари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда яшил энергетикага ўтиш борасидаги қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқаришни муҳокама қилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев экологик таҳдидлар ва мамлакатимизнинг барқарор тараққиётга интилишини ҳисобга олган ҳолда,    ушбу ташаббуслар аҳамиятини таъкидлади. Учрашув якунларига кўра маълум бўлдики, томонлар ўртасида 1 миллиард 153 миллион долларга тенг келишув имзоланган, бунинг ичида республика сув захираларини ривожлантириш учун 3,5 миллион миқдоридаги грант ҳам мавжуд. Айтиш керак, бу банкнинг 51 йиллик тарихидаги молиявий ҳажм жиҳатидан энг йирик лойиҳа.

 

Нурлан Байбазаров, Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазири:

 

- Биз, дарҳақиқат, тенги йўқ ишни амалга оширяпмиз, ушбу саммитда Ислом Тараққиёт банкининг энг йирик сармоясини жалб қилмоқдамиз. Бу яқин уч йил ичида юртимиз бўйлаб 3,5 мингдан ошиқ янги канал қуриш имконини беради. Лойиҳа мамлакатимизнинг тахминан 9 минтақасини қамраб олади. Суғориш каналлари ва ирригация тизимларидан ташқари, шунингдек, 9 та янги сув омбори қурилади ва реконструкция қилинади.

 

ИКАО раҳбари Қозоғистонни фуқаро авиациясида эришилган катта ютуқлар билан қутлади. Қосим-Жўмарт Тўқаев билан бўлган учрашувда Сальваторе Шаккитано ҳаво ташувларининг хавфсизлиги ва мунтазамлигини таъминлаш учун келгусида ҳам ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди. Шу билан бирга, у Ташкилот қошида Қозоғистоннинг доимий вакиллиги очилгани учун миннатдорлик изҳор этди.

 

Сальваторе Шаккитано, Халқаро Фуқаро авиацияси ташкилоти президенти:

 

- Биз қўшма лойиҳа устида иш олиб боряпмиз, Қозоғистон авиациясини ривожлантириш бош режаси бор. Бугун «КОП-29»да иштирок этяпмиз, бир тарафдан, ИКАО содиқлиги, бошқа томондан, Қозоғистоннинг 2050 йилга бориб, фуқаро авиациясида декарбонизацияга эришиш мақсади мавжуд. Биз биламизки, Қозоғистон бу йўналишда фаол иш олиб боряпти. Бизда 2030 йилгача углерод чиқиндиларини 5 фоизга қадар қисқартиришга доир қисқа муддатли мақсад бор, бунга экологик тоза авиация ёнилғисини ишлатиш орқали эришилади, маълумки, юртингиз бу йўналишни тўлиқ қувватлайди.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.