Бугун таниқли полвон Ҳожимуқон Мунайтпасов туғилган кунга 150 йил тўлди. Биринчи қозоқ профессионал полвони бир неча марта дунё чемпиони унвонини олган. Ҳаётлигида афсоналар қаҳрамонига айланган ботир бобомиз 54 давлатдаги беллашувларда қатнашган, 48 та медаль олган. Бирор марта елкаси ер искамаган қозоқ полвони билак кучи билан дунёни лол қилган. Мустақил мамлакат болалари унинг изидан боришга интиляпти.
Тимур Сипатаев, беш марта Қозоғистон рекордсмени:
- Ўтган йили атайлаб хорижий давлатларга бордим, Ҳожимуқон отамиз ҳунарини кўрсатган Францияга, Германияга, Тюменга, Қўқонга борганимизда, Ҳожимуқон номини байроқ қилиб, кучимизни кўрсатдик. Чет давлатларга у шунчаки тош кўтариш учун бормаган. Миллатни танитиш учун, бугунги кунда эришилган мустақиллик учун, ери, эли учун, қозоқ юртининг кўк байроғи ҳилпираб туриши учун ана шу мамлакатларни кезган.
Ҳожимуқон Мунайтпасов цирк санъатини кўрсатиб юриб тўплаган 100 минг сўм пулини Улуғ Ватан урушида қатнашиши учун фронтга самолёт юборгани сир эмас. Ҳар жиҳатдан комил хабардор бўлган бобокалонимиз миллий санъатни ҳам яхши ўзлаштирган. Дўмбира чертиб, халқ қўшиқларини куйлаганини ҳамма ҳам билавермайди. Ўша вақтлардаги санъаткорлар, оқинлар, ёзувчилар, жамоат арбоблари, зиёлилар билан мулоқотда бўлган. Кексалар айтишича, у ҳақиқий қозоқ, бағри кенг инсон бўлган.
Серик Негимов, филология фанлари доктори, профессор:
- Болалигимизда ота-оналаримиз, кексалар овулимизга Ҳожимуқон келган, деб ҳикоя қиларди. Бир ярим пуд оғирлигидаги болға билан кўксига уч пудли темир қўйиб урганида болғаси майишиб кетар экан. Ўшанда Ҳожимуқоннинг куч-қувватига қойил қолардик. Ҳамиша ўзи билан санъаткорларни олиб юрар экан. Ҳожимуқон халқ ҳикматларини, анъаналарини яхши билган. Ҳар вақт элига, юртига хизмат қилган. Мустақил Қозоғистонни ривожлантириши учун Ҳожимуқон каби ватан учун яшашимиз зарур. Ҳожимуқоннинг мероси, жўмардлиги, санъати ёшларимизга ҳам юқишини тилайман.
Ҳожимуқон Мунайтпасов 1948 йилда Туркистон вилоятидаги Ўрдабаси туманида вафот этди. Бу йил ана шу жойда юбилей муносабати билан кошона қурилган. Яқин кунларда унинг намунали ҳаёти тўғрисида «Ҳожимуқон» номли бадиий фильм суратга олинади. Машҳур спортчи шарафига йил давомида спорт тадбирлари ташкил қилинади.
Абдумалик Сарманов таржимаси