Астанада жаҳон трибуналари ва стадионлари устида мамлакат байроғини ҳилпиратган Қозоғистоннинг чемпионлари ва таниқли спортчилари ҳақида китоб чоп этилди. Таъкидлаш лозимки, илҳомлантирувчи ғалабалар ва оғир мағлубиятлар, муваффақият сари олиб борувчи оғир йўл ҳқидаги тўплам ёш китобхонларга мўлжалланган. Унга мамлакат спортчилари ҳақидаги 17 ҳикоя ва уларнинг болалик хотиралари киритилган. Қозоғистоннинг ёш авлодида мамлакат учун фахр ҳисси, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилиш истаги уйғотувчи бундай китобни чоп этиш истаги Жанар Утешевада ўн йил аввал уйғонганди. Ёзувчи Унзила Минбай унинг орзусини рўёбга чиқаришга ёрдам берди.
Жанар Утешева, Лойиҳа
раҳбари, ғоя муаллифи:
- Китоб муаллифи – Унзила
Минбай, мен лойиҳа раҳбариман. Ушбу лойиҳада иштирок этишга рози бўлган барча спортчилардан
миннатдорман. Ҳикоялар атлетлар билан ҳамкорликда тайёрланди, улар кўпчиликка
маълум бўлмаган деталлар ҳақида гапириб беришди. Икки ҳикоя, афсуслар бўлсинки,
бугунги кунда орамизда йўқ бўлган қаҳрамонларнинг оналари ёрдамида ёзилди. Биз Денис
Тен ва Бекзат Саттарханов ҳақида гапириб беришгани учун улардан миннатдормиз.
Унзила Минбай, китоб
муаллифи, ёзувчи:
- Улар мақсадга
эришиш осон эмаслигини ҳар бир болага, ҳар бир орзу қилган инсонга етказиб
беришди. Аммо собитқадамлик кўрсатилса, бир куни албатта Қозоғистон байроғини
юқори кўтарасиз, сизни дунё танийди. Мен ҳам ажойиб инсонларнинг фақат Қозоғистон
эмас, бутун жаҳон билиши керак бўлган ҳикояларини дунё аҳлига тақдим этганимдан
бахтиёрман. Улар менга айтишди, мен сизларга ҳикоя қилдим.
Ёзувчининг таъкидлашича, китоб ёзишга бир ярим йил вақт кетди. Ундаги ҳар бир ҳикоя ўзига хос, аммо барчаси орзуга қандай қилиб эришиш ҳақида. Ва бу орзулар болаликдан илдиз отади.
Юлия Галишева,
Фристайл бўйича 2018 йил Кореянинг Пченхан шаҳрида бўлиб ўтган олимпиада ўйинлари совриндори:
- Ушбу китобнинг
икки тилда ёзилгани менга ёқди. Менимча, биринчи марта болалар учун спорт
ҳақида шундай асар яратилди. У ҳаёт йўли нақадар оғир бўлиши мумкинлигини, чемпионлар
нималарга эришишини кўрсатиб берган. Яъни, биз болаларни руҳлантиришга
интилдик. Тўхтаб қолмаслик кераклигини, юришда давом этиш зарурлигини
таъкидладик.
«Чемпионлик
болаликдан бошланади» китоби тақдимотида спортчилар, уларнинг тренерлари, яқинлари
қатнашди. Суратли китоб тадбирга келган кўп сонли болаларни ҳам қизиқтириб
қўйди. Таъкидлаш лозимки, қозоқ ва рус тилидаги бу китоб дўконларда сотувга
чиқди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.