Қозоғистон фермерлари келгуси йилдан бошлаб ўз маҳсулотларида антибиотик ёки инфекцион касалликлари борлигини мустақил равишда текшира олади. Бунга атиги 10 дақиқа сарфланади. Қозоғистон – Хитой лабораториясининг мутахассислари ишлаб чиққан тест бу ишда ёрдам беради. Мудир Жанар Ақанованинг таъкидлашича, ветеринария ускунаси хориждаги аналогларидан сифат билан эмас, нархи билан фарқ қилади. Мамлакат ичида яратилгани учун ҳамёнбоп маҳсулот тез орада, кенг ишлаб чиқаришга қўйилиши билан ихтисослашган ветеринария дўконлари пештахтасидан жой олиши кутилмоқда.
Жанар Ақанова, Қозоғистон
– Хитой биохавфсизлик лабораторияси мудири:
- Тест тизими, тест
жамланмалари тайёр, ҳозир жамланмаларни синовдан ўтказиш ва тижоратлаштириш
жараёни давом этяпти. Экспресс тест жуда замонавий, унда реагентлар сони кўп
эмас. Бир жамланманинг ўзи иш юритиш учун етарли. Фермер фақат жониворлар сути
ва биологик суюқлигини олишининг ўзи кифоя. Умуман олганда, бизда антибиотикларга
резистентлик муаммоси бор. Шунинг учун бу масала жуда муҳим. Экспресс тестлар яроқсиз
маҳсулотни йўқ қилиш имконини беради.
Таъкидлаш лозимки, биохавфсизлик бўйича Қозоғистон – Хитой лабораторияси бир неча йилдан буён «Ягона макон, ягона йўл» ташаббуси доирасида ишлаб турибди. У мамлакатда аккредитациядан ўтган, ҳозир Хитой томонидан тегишли рухсатнома олиниши кутиляпти. Бу эса маҳсулотимизнинг ташқи бозорга экспорт имкониятларини кенгайтиради.
Бауржан Абизбаев, Қозоғистон
Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги ветеринар назорат қўмитаси раиси
вазифасини бажарувчи:
- Шу кунларда республика
ҳудудида ветеринар-эпизоотик вазият барқарор. Биз товар экспортининг ҳажмини
ошириш масаласи бўйича Хитойдан иккита эксперт гуруҳининг келишини кутяпмиз. Мутахассислар
билан қўйилган турли чекловларни бартараф қилиш масаласи муҳокама қилинади, улар
республика ҳудудидаги корхоналарни бориб кўришади, ветеринария тизимини аудит
қилишади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.