Женис Ермуканов, журналист:
- Илк қозоқ профессионал полвони, бир неча марта дунё чемпиони, 54 мамлакатда курашиб, 48 та медаль олган Ҳожимуқон Мунайтпасов 150 ёшда. Ушбу юбилей шарафига мамлакат бўйлаб турли-туман тадбирлар ташкил этилмоқда.
Бу ёш курашчилар – янги авлод вакиллари эса буюк қозоқ ботири Ҳожимуқон каби ўз юрти довруғини дунёга ёйиш, жаҳон шоҳсупаларига кўтарилишни орзу қилади. Бугунги полвонлар орасида йигитлар ҳам, қизлар ҳам бор. Асилай Ташменова 6 ёшидан кураш билан шуғулланиб, маҳоратини чархлаб келаётган спортчи.
АСИЛАЙ ТАШМЕТОВА, ДЗЮДО БЎЙИЧА СПОРТ УСТАЛИГИГА НОМЗОД:
- Ёшлар биринчилиги ғолиби бўлганман. Мунайтпасов номли коллеж-интернатнинг биринчи курсида ўқийман. Ҳозир биринчиликка тайёрланяпман. Олтин медаль олишдан умидворман. Осиё ва Олимпиада ўйинларида буюк курашчи Ҳожимуқон Мунайтпасов каби ғалабага эришишни орзу қиламан.
Қозоқ полвонининг кучи ҳақида ҳаётлигида ҳам турли афсоналар юрган. Циркда ишлагани учун курашчи турли куч усулларидан фойдаланган. Замондош паҳлавонлар ҳам буни намойиш этади: тақа букади, михдан тугун тугади.
ТИМУР СИПАТАЕВ, ҚОЗОҒИСТОННИНГ 5 КАРРА РЕКОРДЧИСИ:
- Аввал бобомиз Ҳожимуқон каби Франция, Германия, Тюмень ва Қўқонда бўлган турли беллашувларда қатнашганман. У буюк паҳлавон бўлиши билан бирга мамлакат, миллат шарафи эди. Мустақиллигимиз пойдеворини тиклаганлардан бўлган. Халқимиз вакиллари халқаро мусобақаларда мовий байроғи билан чиқиши, ғалабага эришиши учун жасорат кўрсатган.
Таниқли қозоқ полвони хотирасига мамлакат бўйлаб турли кўргазмали спорт тадбирлари ўтказилади. Ҳожимуқон издошлари гилам устида куч синашиш билан бир вақтда, ўтмиш полвонлар анъаналарини тиклаш зарурлигига эътибор қаратади.
АҚТЎТИ РАИМҚУЛОВА, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАДАНИЯТ ВА СПОРТ ВАЗИРИ:
- Биз ёшларни нафақат республика, балки халқаро даражадаги мусобақаларга тайёрлаймиз. Улар сафида классик кураш, қозоқча кураш, эркин кураш ва бошқа спорт турлари усталари бор.
Таъкидлаш лозимки, Ҳожимуқон Мунайтпасов чаққон ва уқувли паҳлавон курашчи бўлган. Айни вақтда у дўмбирани сайратиб чалган, қўшиқ айтган. Шунинг учун унинг шарафига спорт тадбирлари билан бир қаторда оммавий маданий тадбирлар ҳам ташкил қилинди.