Орол денгизининг қуриб қолган ҳудудида 10 мингта саксовул ниҳоли ўтқазилди. Бир замонлар улкан акватория бўлган майдон экотизимини қайта тиклаш ишларини ўрмончилар волонтёрлар билан бирга амалга оширяпти. Бу ишга чет эллик кўнгиллилар ҳам улуш қўшмоқда. Улар орасида америкалик Каролина Соломен ҳам бор. У денгизнинг қуриб қолган тубини ўз кўзлари билан кўриб, бу ўзига хос эколойиҳа иштирокчилари сафига қўшилишга қарор қилди. Дарвоқе, Каролина юртимиздаги олий ўқув муассасаларидан бирида стажировка ўтамоқда.
Каролина Соломен, волонтёр /АҚШ:
- Албатта, бу ўта қайғули. Бу ерда бир вақтлар қанча сув бўлганини, ҳозирда эса денгиз ўрнида саҳро, чўл турганини билиш жуда оғир. Биз мактабдаёқ Орол ҳақида билардик, лекин ўз кўзингиз билан кўриш бошқа нарса.
Дунёда катталиги бўйича тўртинчи ўринда турадиган Орол майдонининг 4 миллион гектари бугунги кунда қуриб қолган. Шунинг 2 миллион гектардан кўпроғи Қозоғистон ҳудудида. Ҳар йили бу ерлардан ҳавога 100 миллион тоннадан зиёдроқ заҳарли туз, чанг ва қум кўтарилади. Шамол уларни минглаб километрга учириб кетмаслиги учун 550 минг гектар майдон кўкаламзорлаштирилди. Биринчи йилларда ўтқазилган буталар ҳозирда ўрмон массивига айланган, бу жойларда ҳаёт жонланган. Экспертлар фикрича, битта саксовул 4 тонна қумни тўхтатиб қолишга қодир.
Жулдиз Жазилбекова, волонтёр:
- Осон бўладигандай туюлганди, аслида бу – машаққатли меҳнат. Жуда қийин бўлди. Умид қиламанки, ишимиз сермаҳсул бўлади, кўчатлар тутиб кетади, ўсади, Орол денгизига наф келтиради.
Давлат раҳбари экологик вазиятни яхшилаш учун 2025 йилгача Орол денгизининг қуриб қолган қисмида 1,1 миллион гектар ерга саксовул кўчатларини ўтқазишни топширган. 2030 йилга бориб эса денгиз тубининг 78 фоизи кўкаламзорлаштирилиши кўзланган.
Абдумалик Сарманов таржимаси.