Орол денгизи атрофидаги экологик вазият жаҳон ҳамжамиятини ташвишлантиряпти. Мавзу Халқаро сув саммитида кўтарилади. Тадбир сентябрь ойида Қозоғистон ва Франция раислигида БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида, Нью-Йорк шаҳрида ўтказилади. Муаммони ўрганиш учун Қизил Ўрдага Франция Президентининг махсус вакили Барбара Помпили делегация етиб келди. Балиқчилар музейи экспозицияларида меҳмонларга дунёдаги тўртинчи кўл бўлган Оролнинг аввалги кўринишлари намойиш қилинди. Кўкарал кўтармасида делегация аъзолари Кичик Оролнинг аҳволини кўришди. Хорижлик меҳмонлар ўрмон питомнигига ҳам боришди. Унда етиштирилган кўчатлар саҳроланишга қарши курашиш учун денгиз ўрнига ўтқазилади.
Барбара Помпили, Франция Президентининг махсус вакили:
– Орол экологик муаммоси жуда долзарб. Биз бу масалани сув саммитида дунё миқёсида олиб чиқамиз. Бизнинг ташаббусимиз билан иқлим ўзгаришларини муҳокама қилиш учун етти марта «Ягона сайёра» саммити ўтказилди. Тадбирларда 140 давлат вакиллари қатнашди, 45 та шартнома тузилди. Бу сафар Орол денгизи муаммоси кўтарилади ва биз аниқ ташаббуслар тасдиқланишига ишонамиз.
Сув саммитида Қозоғистон ва Франция таклиф этган қўшма кун тартиби тилга олинади.
Зульфия Сулейменова, Халқаро Экологик ҳамкорлик бўйича Қозоғистон Республикаси Президенти махсус вакили:
– «One Water Summit»нинг асосий вазифаси жаҳон ҳамжамияти эътиборини сув муаммоларига қаратишдан иборат. Ҳар бир давлатнинг ўз муаммолари бор. Қандай ечимларни тақдим эта оламиз? Саммитга биз қатор мақсадларни олдинга қўйган ҳолда боряпмиз.
Серик Сермағамбетов, Табиат захиралари ва табиатдан фойдаланишни тартибга келтириш бўйича вилоят бошқармаси раҳбари:
– Бугунги кунда Орол денгизи суви ҳажми 21 миллиард куб метрдан кўпроқ. Ҳозир ўтган йилдагидан кўпроқ сув келиб тушяпти. Орол муаммосини ҳал қилиш бўйича иш давом этяпти. Қозоғистоннинг Оролни қутқариш Халқаро жамғармасидаги раислигида кўп тадбирлар кўрилди. Сув захиралари ва ирригация вазирлиги тузилиши ҳам ижобий натижа берди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.