Орол денгизи тубига саксовул экиш учун агродронлар ишлатилмоқда

Орол денгизи тубига саксовул экиш учун агродронлар ишлатилмоқда

Қозоғистонда саҳроланишга қарши курашда янгича ёндашувлар синаб кўрилаётир. Замонавий агродронлар ёрдамида қуриб қолган Орол денгизи ўрнига саксовул экилмоқда. Ҳаводан уруғ сочиш етарлича самарали. Бу усул қўшимча ишчи кучи талаб қилмайди, самарадорлиги юқори. Жорий йилда шу йўл билан 10 минг гектар ерга уруғ қадаш режалаштирилган.  

Руслан Ахметов, «А.Н. Бўкейхан номли Қозоғистон ўрмон хўжалиги ва агро-ўрмон мелиорация илмий тадқиқот институти»  МЧЖ  Алмати филиали директори: 

- Шўрхокликка чидамли бута ва ярим буталар экиш орқали Орол денгизи ўрнида фитомелиоратив яшиллик яратиш дастури бўйича иш юритиляпти. Дастур доирасидаги илмий-тадқиқот ишларида биз DJI AGRAS T50 агродронини синаб кўряпмиз, у 50 килограммгача юк кўтаради.  

Паскаль Бастьен, компания вакили: 

- Лойиҳамиз доирасида 120 минг гектарга галофит ўсимликлар экамиз. 16 минг гектарга саксовул экишни режалаштирганмиз. Бу лойиҳа минтақадаги экологик вазиятни яхшилайди, маҳаллий аҳолини иш билан таъминлайди. 

Келгуси беш йил ичида қуриган Орол денгизи ўрнидаги 1 миллион гектар ерга қурғоқчиликка чидамли экинлар экилади. 2021 йилда Давлат раҳбари мана шундай топшириқ берганди. Бугунги кунда ноқулай табиий шароитларни ўзгартириш бўйича 780 минг гектар ерда иш олиб бориляпти, бу эса умумий иш ҳажмининг 71 фоизини ташкил қилади.  

Абдумалик Сарманов таржимаси