Алоқа сифати янада яхшиланади

Қозоғистон интернеттезлиги бўйича қўшни давлатлар – Россия, Қирғизистон ва Ўзбекистонни қувиб ўтди. Ҳозир тармоқдан фойдаланаётган қозоғистонликлар улуши ривожланган давлатлар даражасига етди. Ҳукумат йиғилишида вазир Жаслан Мадиевнинг таъкидлашича, бир ярим йил ичида республикада 5G мобил алоқа тармоқлари тўлақонли ишлай бошлайди. Ҳозир 20 та шаҳарда мингтадан зиёд базавий станциялар иш бошлади. Умуман олганда, телекоммуникациялар соҳасини ривожлантириш учун уяли алоқа операторлари 2027 йил охиригача 450 миллиард тенге инвестиция киритади. Алоқа сифатини ошириш учун вазирлик қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқди. Шу жумладан, базавий станциялар берувчи нурланиш меъёрлари қайта кўрилади. Қозоғистонда бу кўрсаткич ривожланган давлатларникидан 10-20 марта кучли.  

Жаслан Мадиев, Қозоғистон Республикаси Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазири: 

- Илғор халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда, Соғлиқни сақлаш вазирлигига энг юқори радиосигнал меъёрларини қайта кўриб чиқишни топширишни сўрайман. Шаҳарларда интернет ва уяли алоқа хизмати сифатини таъминлаш мақсадида вазирликнинг техник мутахассислари бу кўрсаткич юзасидан текширувлар ўтказяпти. Натижада, алоқа заиф бўлган локациялар аниқланади ва вазирлик ҳокимликлар ҳамда уяли алоқа операторлари билан бирга «оқ доғ»ларни йўқотиш чоралари кўрилади. Алоқа сифатини ошириш йўналишидаги ишлар давом эттирилади.  

Бундан ташқари, алоқада мавжуд бўлган муаммоларни ҳал этиш мақсадида махсус штаб ишлаяпти. Унга вазирлик, ҳокимликлар ва алоқа операторлари вакиллари киритилган. Махсус рақамли майдонча мамлакат бўйлаб алоқа хизмати сифатини оширишга хизмат қиляпти. Вазир таъкидлашича, қозоғистонликлар бу қўрсаткич бўйича ҳар қандай ҳудуддан маълумот юбориши мумкин.  

Жаслан Мадиев, Қозоғистон Республикаси Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазири: 

- Бугун биз «Рақамли харита»нинг техник жиҳатдан ишга тушганини маълум қиламиз. Вазирлик сайтидан унга ҳавола қўйилган. Ҳар бир фуқаро майдончага кира олади. Харита ҳозирча пилот тартибида ишлаяпти. У такомиллаштирилади. Алоқа сифати масаласида жамоатчилик назоратини кучайтириш учун шундай чора кўрилди. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.