Қозоғистонда сиёсий қатағон ва очарчилик қурбонлари сони аниқланяпти

Қозоғистондаги сиёсий қатағон ва очарчилик қурбонлари сони аввал ҳисобланганидан анча кўп, уч миллион нафаргача бўлиши мумкин. Махсус давлат комиссияси 20-асрнинг энг мудҳиш фожиасини ўрганиш билан шуғулланди. У 4 йил муқаддам Давлат раҳбарининг топшириғига кўра ташкил этилганди. Комиссия таркибига олимлар, экспертлар, тадқиқотчилар ва давлат органлари вакиллари киритилган. Бир неча йил ичида комиссия барча минтақалардаги барча даражалардаги республика давлат ва идора архивларини ўрганди. Натижада, жуда кўп материаллардан махфийлик тамғаси олиб ташланди. Жами, 2,5 миллион ҳужжат асосида 311 минг нафар қатағон қурбони оқланди. Ўтган юз йилликнинг асл кўринишини тиклаш учун хорижлик мутахассислар ҳам жалб этилди. Натижада, 72-томли тўплам чоп этилди. Унинг бир қисми пойтахтдаги давлат архивида сақланаяпти. Ҳозир Қозоғистонда айбсиз жазоланганлар хотирасини абадийлаштириш ҳамда оқланиши лозим бўлган шахслар ва даврлар чегарасини кенгайтириш ишлари олиб бориляпти.

 

Еркин Абиль, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси депутати, тарих фанлари доктори:

 

- Бизда, масалан, ҳуқуқидан айрилганлар, яъни, ҳеч қандай айби бўлмай туриб фуқаролик ҳуқуқларидан фойдаланиши тақиқланганлар қатлами бор. Уларнинг ягона гуноҳи - султонлар, бойлар авлодидан бўлгани ёки подшо даврида давлат органларида, дейлик, таржимон, котиб бўлиб ишлагани. Ҳатто қатағон қилинганларнинг қариндошлари ҳам сайлаш-сайланиш ҳуқуқларидан маҳрум қилинган. Уларнинг шаҳарларга кўчиб бориши тақиқланган, олий таълим даргоҳларига қўйишмаган, сайловларда қатнашишига йўл беришмаган. Буларнинг ҳаммасини репрессия дейиш мумкин!

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.