Оммавий спорт ривожлантирилади

Оммавий спорт ривожлантирилади

Қозоғистондаги ҳар бир хиёбон, ҳовли, соҳилда тренажёр ва спорт майдончалари бўлиши керак. Ҳукумат йиғилишида Алихан Смаилов шундай топшириқ берди. Мамлакатда оммавий спортни ривожлантириш бўйича махсус концепция қабул қилинди. У 2023-2029 йилларга мўлжалланган. Бош вазир таъкидлашича, 2030 йилга бориб, мамлакат аҳолисининг ярми жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишига эришиш зарур.

АЛИХАН СМАИЛОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ВАЗИРИ:

- Спорт ва фаол турмуш тарзи миллат жисмонан соғлом бўлишини таъминлайди, ҳар бир фуқаронинг қобилиятини очиб беришга хизмат қилади. Айниқса, ёш авлодни тарбиялашда бу нарса жуда муҳим. Шу сабабли аҳолининг барча табақалари спорт объектлари ва иншоотларидан кенг фойдалана олиши учун йўл очиш зарур. Оммавий ва мунтазам тадбирлар ўтказиш орқали кўпчилик аҳолини спорт соҳасига жалб этиш шарт.

 

Мамлакатда спорт объектлари ва ускуналари етишмаётган жойларни аниқлаш мақсадида инвентаризация бошланди. Алихан Смаилов таъкидлашича, бу тадбир эҳтиёжни аниқлаб олиш имконини беради. У Маданият ва спорт вазирлигига Фан ва Олий таълим, Маориф вазирликлари билан ҳамкорликда мураббийлар, жисмоний тарбия ўқитувчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш тизимини кўриб чиқишни топширди. Бу ишда жаҳон тажрибасига таяниш керак. Бош вазир аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш лозимлигига ҳам эътибор қаратди.

 

АЛИХАН СМАИЛОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ВАЗИРИ:

- Мамлакатимизда эзгу анъанага айланиб улгурган турли ёшдагиларнинг оммавий марафон ва беллашувларини ҳамма билади. Сўнгги йилларда кўплаб спорт майдончалари ва объектлари қуриляпти. Биз спорт билан шуғулланаётган одамлар тобора кўпайиб бораётганини кўриб турибмиз. Республикада ҳар йили 25 мингдан зиёд турли даражадаги оммавий спорт тадбирлари ўтказилади. Уларда 1,2 миллион одам иштирок этмоқда.

Абдумалик Сарманов таржимаси