«Соғлом Қозоғистон» поезди декабрь ойи охиригача аҳолига хизмат кўрсатади. Шу давр ичида 75 минг фуқаро тор соҳа мутахассислари қабулида бўлиши, даволаш ва консультация олиши кутиляпти. Поезд вагонлари махсус тиббий ускуналар билан жиҳозланган.
Ербўл Кенгербаев, ижтимоий лойиҳалар жамғармаси директори:
- Мазкур поезд ташкил этилишидан асосий мақсад – кичик овулларда, олис ҳудудларда яшаётган одамларга ўзлари ололмаётган тиббий ёрдамдан фойдаланиш имконини бериш, ижтимоий-иқтисодий кўмак кўрсатишдан иборат. 2022 йил якунига кўра, 80 минг одамга хизмат кўрсатилди, улардан 25 минг нафари болалар. Шифокорлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган танлов асосида саралаб олинган, бу ишга «Самруқ Қазина Траст» жамғармаси маблағ ажратган.
Бригада таркибида 35 та тор соҳага ихтисослашган мутахассис бор. Жумладан, жарроҳ, рентгенолог, нур ташхиси шифокори, психолог, окулист ва бошқалар. Илк марта профессионал медиатор ва ҳуқуқшунослар жалб этилди.
Жанара Жўлдасбаева, «Соғлом Қозоғистон» лойиҳаси мувофиқлаштирувчиси:
- Кичик станцияларда жуда кам аҳоли яшайди, улар профессионал руҳшунос, ҳуқуқий, медиатив хизматлардан четда. Ҳатто шаҳарларда ҳам бирор ҳужжатини йўқотиб қўйиб, тиклай олмай юрганлар, пенсия ололмаётганидан шикоят қилаётганлар бор. Шунинг учун, заруратга кўра, барча ижтимоий хизматлар бепул кўрсатилиши зарур.
Тез кунларда тиббий поезд Алмати вилояти станцияларига етиб боради. Ҳар бир нуқтада поезд икки кун туради.
Хуршида Абдуллаева таржимаси