Олтой тоғларидаги энергетик кластер

Олтой тоғларидаги энергетик кластер

Қозоғистон шарқида кенг кўламли экологик лойиҳа рўёбга чиқарилди. Олтой тоғларида “Тургусун-1” ГЭСи ишга туширилди ва электр энергияси ишлаб чиқаряпти. Қайта тикланувчи энергетика объекти сифатида станциянинг ишга тушиши карбонат ангидриднинг йиллик ҳавога чиқишини 680 тоннага камайтиради. Гидроэлектростанция минтақа саноатини ривожлантириш борасидаги стратегик муҳим вазифани ҳам бажаради: деярли бутун Шарқий Қозоғистон вилоятини электр токи билан таъминлайди, тоғ-кон комбинати ва туристик объектлари бўлган Алтай тумани эҳтиёжларининг 25 фиизини қоплайди. ГЭС да энг замонавий ускуналар қўйилган, атиги 30 секундда мамлакат энергия тизимига қўшилиши мумкин. Ваҳоланки, ТЭЦларда бунинг учун 2 ҳафта вақт зарур.

Антон Непомнящий, «Тургусун-1» МЧЖ навбатчи муҳандиси:

- Генераторни тизимга улаш совуб қолган ҳолатида 2-2,5 дақиқани ташкил этади. Агарда ускуналар маромида айланиб турган бўлса - 30 секунд етарли, яъни биз тизимга кириш ва етарлича юклама олишимиз мумкин.

Тургусун-1 нинг биринчи навбатига хусусий инвесторлар салкам 14 миллиард тенге киритди. Сармоянинг 64 фоизини "Байтерек" Миллий холдинги шўъба компанияси бўлган Қозоғистон Тараққиёт Банки ҳамда унинг шўъба тузилмалари: Саноатни ривожлантириш жамғармаси ва Дибикей, экуити фанд зиммасига олди.

Қалаубек Баймуханбетов, «Тургусун-1» МЧЖ директори:

- Учбу учта молиявий ташкилотнинг ёрдами туфайли лойиҳа муваффақиятли рўёбга чиқарилди. Бу объект кичик гидроэлектростанция дейилса ҳам, Тургусун ГЭСи яхши самара бермоқда.

ГЭС қурилиши ва ундан фойдаланиш учун қурилган инфратузилмалар: йўллар, кўприклар, электр узатиш ва алоқа линиялари минтақа ҳаётида катта аҳамиятга эга. Улар транспорт ва ахборот таъминотини яхшилашга хизмат қилади. Шу тариқа, вилоят иқтисодий жиҳатдан ривожланиши учун ишлайди.

Тўлеген Каренов, Қозоғистон Тараққиёт банки мижозлар билан ишлаш дирекцияси банкири:

- Қозоғистон Тараққиёт Банки қайта тикланувчи энергия манбаларига молиявий ёрдам кўрсатаётган молиявий ташкилотлардан ҳисобланади. Унинг дастлабки пилот лойиҳаларидан бири Тургусун ГЭСи ҳисобланади. 2020 йил статистикасига кўра, бу борадаги лойиҳаларнинг 17,5 фоизини банк молиялаштирган.

Келажакда Тургусун ГЭСи қувватини ошириши кутиляпти. Тургусун дарёси бўйлаб умумий қуввати 120 мегаватт бўлган яна 2 та станция қурилиши режалаштирилган.

Абдумалик Сарманов таржимаси