Пробиркада бузоқ етиштирилмоқда

Пробиркада бузоқ етиштирилмоқда

Соҳага илмий усуллар жорий этилиши натижасида 300 бош мол олинди. Элита зотларга оид моллар хориждан келтирилганидан фарқ қилмайди. Бошқа вилоятлар фермерлари ушбу тажрибани ўзлаштирмоқда.

Сунъий уруғлантириш орқали олимлар юқори генетик салоҳиятга эга бузоқлар етиштиряпти. Бунинг учун Европа ва Америкадан келтирилган зотдор молларнинг биоматериалини сақлашга мўлжалланган улкан идишлар қўйилган.

Талғат Сейтеуов, зоотехнология ва селекция кафедраси профессори:

- Суюлтирилган азот -196 даражада, унда бир жинсли, икки жинсли уруғлар, сутчилик, бўрдоқичилик йўналишига мўлжалланганлар бор. Эмбрионларни 50-100 йил сақлаш мумкин. Энг муҳими, суюқ азот тегишли ҳароратда сақланса бас.

Эмбрион ҳолатида олимлар бўлажак бузоқнинг жинсини прогноз қила олади. Гўшт ва бўрдоқига боқиладиган бузоқлар олинади. Улар кўринишидан одатдаги наслдор бузоқлар билан бир хил. Келтирадиган даромади эса кўп. Битта сигир йилига 13 минг литр сут бера олади.

Қайрулла Акажанов, «Агроинновация ва биотехнология» илмий-тадқиқот институти директори:

- Биз жонивор қанча гўшт беришини ҳам олдиндан аниқлаб бера оламиз. Бунинг учун УТТ ёрдамида молларни текширамиз, териости ёғининг қалинлигини ўлчаймиз. Мушакларини ҳисоблаймиз. Хуллас, сифатли гўшт олиш учун ҳаммасини олдиндан чамалашда ёрдам берамиз.

Тадқиқотчиларнинг мақсадларидан бири - импорт ўрнини тўлдириш. Ҳозир “Агроинновация ва биотехнология” институти ишланмалари Павлодар, Қарағанди ва Қўстанайда ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Абдумалик Сарманов таржимаси