Олимпиада совриндорлари ватанга қайтишди

Олимпиада совриндорлари Париждан Қозоғистонга қайтди. Астанага боксдан кумуш медаль олган Нурбек Ўралбай учиб келди. Пойтахт аэропортида байрам ҳавоси ҳукм сурарди. Спортчини юртдошлари байроқлар, транспарантлар, қўшиқ ва тилаклар билан кутиб олишди. Нурбек Ўралбай аслида бошқа қийматга эга медаль келтиришни истаганини таъкидлаб ўтди.

Нурбек Ўралбай, Париждаги Олимпиада ўйинлари кумуш медали соҳиби:

– Бу менинг биринчи Олимпиадам. Албатта, осон бўлмади. Биринчи жангдан кучли рақибларга дуч келдим. У ерга ғалаба учун боргандим, қўлимдан келганича ҳаракат қилдим. Олимпиада ўйинларида олтин медалга умид қилганман. Афсуски, иккинчи ўрин билан кифояландим. Келгуси Олимпиадаларда юксак натижага эришишга ҳаракат қиламан. 

Олимпиаданинг бронза медали соҳибаси Назим Қизайбайни Алмати аэропортида қарсаклар ва қўшиқлар билан кутиб олишди. Назим Қизайбайни шахсан табриклаш учун юзлаб бокс мухлислари,  унинг яқинлари ва қариндошлари етиб келди. Спортчи  ярим финалгача борди ва 50 килограммгача бўлганлар ичида бронза медалга сазовор бўлди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.