Қозоғистонда «Буюк дашт юриши» халқаро марафон-пойгаси старт олди. Чавандозлар мамлакат шимолидаги Бўтай
манзилгоҳидан Астанагача 500 километр йўл босиши кўзда тутилган. Беллашувларда 8
та ЖАР, Эрон, Туркия, Қирғизистон, Россия ва Венгриядан келган жамоа ҳамда 9 та
Қозоғистон жамоаси қатнашаяпти. Мамлакат жамоаларининг иккитаси фақат қизлардан
иборат.
Симбат Матайқизи, чавандоз:
– Кайфият яхши, арғумоғим ўйнаб турибди. У бир жойда туролмаётганини
кўраётгандирсиз. Рақибларим ҳам жуда кучли. Кўпдан буён «Тўмарис» жамоаси
таркибида от сураман. Тулпорим кўп марта узоқ масофаларни босиб ўтган.
Беллашувларда ғалаба қилган.
Меирбек Алимбек, чавандоз:
– Биз Алмати жамоасиданмиз, марафон ғолиби бўлишдан умидвормиз. Отларимиз
яхши тайёрланган. Баҳорда саралаш ишлари ўтказилди, 500 километр йўл босиб
ўтдик. Ўшанда учинчи ўринни эгалладик. Йигитлар ғалаба ҳақида ўйлаяпти, чавандозлик
маҳоратини кўрсатмоқчи.
Ташкилотчилар халқаро марафон-пойга адай, найман, кўшим, Авлиёота каби
унутилган қозоқ от зотларини тиклаш ва дунё миқёсида танитиш учун ҳам хизмат
қилади, деб ҳисоблашяпти. Таъкидлаш лозимки, марафон-пойга ғолиблари 8 сентябрь
куни Астанада ўтказиладиган V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари очилишида
қатнашади.
Исламбек Салжанов, Қозоғистон Республикаси Миллий спорт турлари ҳамжамияти
президенти:
- Жорий йилда биринчи марта халқаро даражада марафон-пойга ўтказиляпти. Уни
анъанавий тадбирга айлантирмоқчимиз. Бу ниятимиз амалга ошишига умид қиламиз. Марафон-пойга
уч йилдан буён Миллий спорт турлари ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланади. Беллашувлар
юқори даражада ўтишини тилайман. Мамлакат шарафини ҳимоя қиладиган
чавандозларимизга омад!
Абдумалик Сарманов
таржимаси