Парижда ўтказиладиган XXXIII ёзги Олимпиада ўйинлари бошланишига саноқли кунлар қолди. Уларда 80 нафар спортчимиз 25 спорт тури бўйича 81 та медаллар жамламаси учун курашади. Шулардан 12 нафари – Чимкентдан. Сергей Емельянов сув спорти турлари бўйича мамлакат шарафини ҳимоя қилади.
Унинг айтишича, жуда мураккаб беллашувлар бўлиши кутиляпти. Спортчилар бир неча дақиқада беш юз метрни сузиб ўтади. Атлет таъкидлашича, бунда салгина ҳаяллаш мағлубиятга олиб келади. Токиода 12-ўринни олган Сергей бу сафар медаль олиш ниятида.
Сергей Емельянов, спортчи:
– Бу Олимпиадага жисмонан ва руҳий жиҳатдан яхшироқ тайёрландим. Машғулотлар режага мувофиқ давом этяпти. Токиода йўл қўйилган хатоларни тузатиб олдик. Мамлакат шарафини ҳимоя қилиш – улкан масъулият. Қўллаб-қувватлаётган ишқибозлар ва тренерлар туфайли маррага етишимиз осонлашади.
500 метрга сузиш жуда катта тезлик талаб қилади. Атиги бир сонияга бўшашиш бутун ҳаракатни чиппакка чиқара олади! Ўзингизни назорат қилишингиз, машғулотдаги каби ишлаш керак.
Ўқ отиш бўйича мамлакат жамоаси олтита лицензияга эга. Бу – Қозоғистон учун янги рекорд. Олти спортчининг ҳаммаси илк марта Олимпиадада қатнашяпти. Парижда 10 та лицензия олган боксчилар ҳам ҳунарини кўрсатади. Спортчилар қаторида эгизаклар - Айбек ва Нурбек Ўралбайлар бор. Уларнинг энг ашаддий ишқибози йигитларнинг Олимпиада ғолиби бўлиши учун ҳамма имконият борлигини айтди.
Рахат Ўралбай, эгизак Ўралбайларнинг отаси:
– Ҳар куни ўғилларим билан хабарлашаман, вазни қанча эканлигини сўрайман, витаминлар ичган-ичмагани, кайфиятини суриштираман. Улар профессионал, лекин барибир ҳаяжон бор. Болалар Парижда қозоқ халқининг сабот-матонатини, байроғимизни юқори кўтарсин, элимиз қудратини намойиш этишсин.
Таъкидлаш лозимки, Париждаги ёзги Олимпиадада Қозоғистондан 12 нафар ҳакам иштирок этади. Бадиий гимнастика, оғир атлетика, артистик сузиш, теннис, спорт гимнастикаси, қиличбозлик, баскетбол, кураш ва бокс бўйича мутахассислар тўрт йилда бир марта бўладиган спорт анжуманига таклиф этилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.