Қозоғистон Париж Олимпиадасида бешинчи медални қўлга киритди

Қозоғистон Париж Олимпиадасида бешинчи медални қўлга киритди

Боксчи Назим Қизайбай Париждаги Олимпиада ўйинларида мамлакатимизга бешинчи медални ҳадя этди. У ёзги ўйинларнинг бронза медали совриндорига айланди.


Абай Қизайбай, Назим Қизайбайнинг отаси:


– Биз Назим олтин медаль олади, деб ўйлагандик. Ундай бўлмади. Хитой қизи кучли экан. Худога шукр, менинг қизим бронза медални қўлга киритди.


Қамшат Ахетқизи, Назим Қизайбайнинг онаси:


– У Олимпиадага чиқишни орзу қиларди. Ўз мақсадига эришди. Биз у Олимпиада совриндори бўлганидан, бронза медаль олганидан хурсандмиз. Бу катта меҳнат.


Нурбек Оралбай эса ҳамон олтин медаль учун кураш олиб боряпти – у эркаклар ўртасидаги бокс финал баҳсларида терма жамоамиз шарафини ҳимоя қилади. У украиналик спортчини енгиши керак бўлади. Айни пайтда,  Демеу Жадраев грек-рум кураши финалига чиқди. У олтин учун япониялик рақиби билан курашади. Таъкидлаймиз, куни кеча қозоғистонликлар спортнинг беш тури бўйича беллашувларда қатнашди. Қояга ўрмалаб чиқишда Амир Маймуратов олимпиада рекордини ўрнатди ва мусобақанинг чорак финалига ўтди.


Абдумалик Сарманов таржимаси