Энди ногиронлар учун Қозоғистон музейларидан фойдаланиш имконияти кенгайди. Кўриш ва эшитиш қобилияти заиф қозоғистонликлар ва мамлакат меҳмонлари тарихий ёдгорликлар билан яхшироқ танишиши мумкин. Халқаро ногиронлар куни арафасида БМТ Тараққиёт дастури, «Дара» жамғармаси ва Миллий музей амалга оширган қўшма лойиҳа ҳақида мухбиримиз ҳикоя қилади.
Тарихга қизиқадиган Инсар Изтилеуов ўз орзусига эришди. Тақдир тақозоси билан кўриш қобилиятини йўқотган юртдошимиз қадимий буюмларни қўли билан ушлаб, қандайлиги ҳақида тасаввурга эга бўлганидан мамнун.
ИНСАР ИЗТИЛЕУОВ, МУЗЕЙ ЗИЁРАТЧИСИ:
- Менга тарих ёқади. Ҳозир Олтин одам буюмларини ўз қўлим билан ушлаб кўряпман. Бу ерда Брайль алифбосидаги ёзув ҳам бор. Бу ерга Олтин одам буюмлари қўйилган, дейилган.
Миллий музейда Инсар каби имконияти чекланганлар қимматли тарихий буюмлар шаклини тасаввур қила олиши учун 20 дан зиёд ёдгорликнинг аниқ нусхаси - тактил намунаси ясалган. Ҳар бир экспонатга Брайль алифбосида ёзилган битиклар илова қилинган.
АБАЙ САТИБАЛДИН, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ МУЗЕЙИ ДИРЕКТОРИ ЎРИНБОСАРИ:
- Бу лойиҳа доирасида зиёратчилар Қозоғистоннинг қадимий тарихидан бошлаб, бугунги кунигача қамраб олган ёдгорликлар билан таниша олади. Барчаси даврига кўра хронологик тартибда қўйиб чиқилган. Маълум тарихий давр ҳақида маълумот берувчи ноёб ёдгорликлар тактил инклюзив экспозицияда тақдим этилган.
Бундан ташқари, алоҳида эҳтиёжга эга шахслар учун тўлақонли маълумотлар давлат, инглиз ва рус тилларида аудиодескрипция шаклида тайёрланди, аудиогидлар ишлаб турибди.
МАРАЛ ШЕШЕМБЕКОВА, «ДАРА» ЖАМҒАРМАСИ ЛОЙИҲАЛАР ВА ДАСТУРЛАР ДИРЕКТОРИ:
- Одам кўра олмайдиган атроф-муҳит тавсифи «аудиодискрипция» дейилади. Яъни овоз орқали борлиқ тўғрисида маълумот олади. Овозли маълумотлар фақат тегишли мутахассислар билан бирга тайёрланади. Чунки бунинг ўзига хос жиҳатлари бор. Усуллар ва таълим дастурлари ишлаб чиқилган. Биз имо-ишора билан тушунтириш каби, аудиодискрипция ҳам Қозоғистон Республикаси қонунчилигига киришини истардик. Чунки у имконияти чекланганларга зарур маълумот беришнинг самарали усули.
Мазкур лойиҳа доирасида эшитиш қобилияти заифлар учун музейнинг барча залларида қозоқ ва рус тилларида сурдотаржима мавжуд бўлган видеосаёҳат нуқталари ўрнатилган. Видеоматериалларни экскурсия вақтида тақдим этиладиган планшетлар ёрдамида ҳам кўриш мумкин.
Абдумалик Сарманов таржимаси