Н.Тлендиев юбилейи ЮНЕСКОнинг хотира саналари ичида

Н.Тлендиев юбилейи ЮНЕСКОнинг хотира саналари ичида

ТЮРКСОЙ 2025 йилни буюк қозоқ бастакори Нурғиса Тлендиевни хотирлаш йили, деб эълон қилди. Туркий маданият халқаро ташкилоти бош котиби Султан Раевнинг маълум қилишича, халқ артистининг 100 йиллиги муносабати билан Қозоғистон ва бошқа туркий давлатларда кўплаб тадбирлар ўтказилади. Махсус концертлар, ижодий кечалар, илмий-амалий конференциялар ташкил қилинади. Нурғиса Тлендиев юбилейи ЮНЕСКО даражасида ҳам нишонланади. Бу кун халқаро ташкилотнинг хотира саналари қаторига киритилган. Бастакор, дирижёр ва куйчининг ижоди Қозоғистон классикасида ўчмас из қолдирган. Нурғиса Тлендиевнинг шахсий буюмлари ва архивдаги расмлари  Алматидаги Халқ чолғу асбоблари музейида намойиш қилинди. Астанада эса Қозоқконцерт саҳнасида унинг қозоқ мусиқа санъати олтин жамғармасига киритилган ўлмас асарлари маҳорат билан ижро этилди. 

Асанали Ашимов, Қозоғистон Республикаси  халқ артисти: 

- «Қиз Жибек» фильми муваффақиятининг 50 фоизини ижро этилган мусиқа таъминлади. Нурғиса Тлендиев экран қаршисида суратга олинган кадрларга қараб ўтириб дўмбира билан чалиб берганди. Ритм ва темпни тўғри танлади, ҳар бир нотага жон бахш этди. «Қиз Жибек» фильми учун катта ишлар қилди. Нурғисанинг ўзига хос темпераменти, энергетикаси, характери бўлган. Ахир иқтидорли одамлар ҳамиша ўзгача кучга эга бўлишади. Нурғиса – қўл етмас чўққи. У ёзган мусиқа – абадий. 

Абдумалик Сарманов таржимаси