Бир ярим триллион тенгедан кўпроқ солиқ, 10 мингга яқин янги иш ўрни ва мамлакат иқтисодиётига 40 фоизлик улуш. Бу – 2024 йилда давлат кўмагини олган кичик ва ўрта бизнес фаолияти натижалари. Байтерек холдингининг турли кўмак воситалари орқали тадбиркорларга жами 336 миллиард тенге маблағ йўналтирилди. Унинг 254 миллиард тенгелик асосий қисмини имтиёзли қарз ташкил қилди, бу тадбиркорларнинг 2700 лойиҳасига берилди. Натижа ўлароқ, қозоғистонлик ишлаб чиқарувчилар ўтган йили деярли 25 ярим триллион тенге миқдорида маҳсулот тайёрлаган. Бу ҳақда Астанадаги Ulttyqónim 8-кўргазмасининг очилиш маросимида айтиб ўтилди.
Серик Жуманғарин, Бош вазир ўринбосари, Миллий иқтисодиёт вазири:
- Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш янада кучайтирилади. Жорий йилда иқтисодиётнинг реал секторида ривожланишни тезлаштириш учун йўналиш олдик. Давлат кичик ва ўрта бизнесдаги ахборот технологиялари, логистика, туризм, озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, машинасозлик, енгил ва кимё саноати каби истиқболли соҳаларида инвестлойиҳаларга очиқ буюртма эълон қилди. Бу йўналишлар ҳар тарафлама кўмак олади.
Ulttyqónim кенг кўламли экспозициясида 350 дан зиёд мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари иштирок этди. Улар турли-туман соҳалардаги маҳсулотларини намойиш қилди. Озиқ-овқат, енгил саноат ва кимё саноатидан машинасозлик, асбоб-ускуна ва заргарлик маҳсулотларига қадар. Кўргазманинг барча қатнашчилари «Даму» жамғармасидан молиявий ва бошқа кўмак чораларини олишга эришди.
Фархат Сарсекеев, «Даму» Тадбиркорлик жамғармаси» АЖ Бошқарув раиси:
- Бу биз бераётган ёрдамнинг фақат кичик бир қисми, ўтган йили, 2024 йил учун жами 29 минг субсидия берилганди, 29 минг лойиҳа 1 триллион тенгега, умуман, биз 40 мингтага яқин лойиҳага 1,7 триллион миқдорида кўамк кўрсатдик. Биз учун энг истиқболли соҳа ишлаб чиқариш саноати ҳисобланади, бу ишлаб чиқариш қисми, чунки айнан мана шу сектордан мультипликатив самара бўлади, бу иш ўринлари, бу солиқ тўлови, умуман, импорт ўрнини босиш ҳам шу ерда бўлади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

