Акварель картиналари ва гобелен имитацияси техникасида яратилган ишлар, замонавий графика полотнолари ва анималистик жанр. Нур-Султонда Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган «Юлдузлар изи» кўргазмаси иш бошлади. Бошловчи рассомлар – пойтахт олий политехника коллежи талабалари ватанимиз Қозоғистонга муҳаббат мавзуси бирлаштириб турувчи ишларини намойиш қилди.
Любовь Тўқтабекова, рассом, олий политехника коллежи ўқитувчиси, Нур-Султон шаҳри:
- Нур-Султон шаҳри политехника коллежи кўргазма композициясини айнан шу иш – «Бувилар, невара» очиб беради. Яъни ватанпарварлик мавзуси асосий ўрин тутади. Бу ишни эса битирувчимиз чизган. «Қизча, болакай ва бувиси» деб аталган. Мойбўёқ. Бошқаларини ҳам талабалар чизган. Бу ерда 50 дан ортиқ иш бор. Турли техникалардан фойдаланилган. Шулардан бири қаршингиздаги гобелен.
Любовь Тўқтабекова айтишича, юнгли тутамлар ва иплар билан гобелен имитацияси техникасида ишлаш осон эмас. Вақт ва сабот талаб қилади. Битта полотно устида муаллиф камида икки ой тер тўкади. Баъзи асарларни яратишда эса бир неча уста меҳнат қилишига тўғри келган. Шаҳар аҳли ва меҳмонлари ёш ижодкорлар асарларини бир ой давомида томоша қилиши мумкин.
Қайрат Ахметов, маданият бошқармаси музейлари бирлашган дирекцияси директори ўринбосари, Нур-Султон шаҳри:
- «Мангу эл» триумф аркаси қошида ҳар ойда турли кўргазмалар ташкил қилинади. Шаҳар куни муносабати билан тадбирлар ўтказишни кўзда тутганмиз. Барча тадбирлар Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланади. Ҳар бир кўргазма бир ой давом этади. Коллежлар билан ҳамкорлик қиламиз. Иш режаси тузамиз. Бир йиллик меморандумлар имзоланади. Улар бизда икки ойлик амалиётдан ўтади.
Таъкидлаш жоизки, пойтахт олий политехника коллежи талабалари экспозициялари мунтазам ташкил қилинади. Талабалар турли халқаро танловлар ва арт-фестивалларда тез-тез юқори поғоналардан жой олмоқда.
Абдумалик Сарманов таржимаси