Мусаввир номадлар технологиялари асосида картиналар яратяпти

Мусаввир номадлар технологиялари асосида картиналар яратяпти

Алматилик ижодкор кўчманчиларнинг қадимий технологияси - «Би-из кесте»ни тиклаяпти. У Буюк дашт номадларининг усулларидан фойдаланган ҳолда кўркам полотноларини бўёқ ва мўйқалам билан эмас, илмоқли ва рангли иплар ёрдамида яратяпти. Зейнелхан Мухамеджан анъанавий орнаментларни графика элементлари билан уйғунлаштирган. Картиналарида қозоқ халқининг тарихи жонланади. Лашкарбошилар, озодлик учун кураш, бепоён даштдаги тулпорлар. Культегин, Саяҳат, Тўмарис ва бошқалар. Ўттиз йил ичида Зейнелхан Мухамеджан юздан зиёд беқиёс полотнолар тикишга улгурди. Картиналарининг сюжетлари эса мутлақо такрорланмайди.  

Зейнелхан Мухамеджан, рассом: 

— Образлар устида одатда узоқ ишлайман. Баъзан бирор ғоя ярим йил давомида миямда пишиб етилади, картина эса бир ойда битади. Табиатдан илҳомланаман.  Аслида бу жуда оғир иш. Сабр ва тиришқоқлик керак. Менинг қўполгина эркакча қўлларим шу ҳунарга мос бўлса керак.  

Асель Абилхай, рассом: 

— Би-из кесте, ёки, бошқача айтганда, занжир каштани у бир замонлар рафиқасидан ўрганган ва ўз ишларида фойдалана бошлади. Лекин у классик вариантда қўлланмайди. Ўтовдаги одатий нақшлар шаклида эмас, мутлақо ўзига хос ҳолда ишлатади.  

Зейнелхан Мухамеджаннинг занжир каштали картиналари Қозоғистон давлат музейларида, шунингдек, Англия, Исроил, Россия, Монголия, Кипр шахсий коллекцияларида сақланаяпти. Экспертлар таъкидлашича, ижодкор ўз халқининг анъаналарини сақлаб қолган ҳолда, санъат тарихида янги саҳифа очди. Уста билим ва тажрибасини ёш авлодга қолдириш, шунингдек, «Қозоқ каштачилик санъати» деб аталган китоб чиқариш ниятида. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.