Муаллифлик ҳуқуқлари бўйича ягона рақамли майдонча яратилади

Муаллифлик ҳуқуқлари бўйича ягона рақамли майдонча яратилади

Қозоғистонда муаллифлар ҳаққини адолатли шаклда тақсимлаш имконини берувчи ягона рақамли майдонча яратилади. Мажилис интеллектуал мулкка оид қонунчиликка ўзгаришлар киритиш тўғрисидаги қонун устида иш бошлади. Майдонча муаллифлар, фойдаланувчилар ва ташкилотлар муносабатларини ягона электрон форматга ўтказади, маълумотлар аниқлиги ва тўғрилигини таъминлайди. Маълумот сохталаштирилишининг олдини олиш учун жараёнлар автоматлашади. Ҳужжат соҳани рақамлаштиришни жадаллаштиришга қаратилган. Эндиликда товар белгилари экспертизаси учун бир ой эмас, ўн кун сарфланади, тўлиқ кўриб чиқиш 7 ойдан 3 ойгача камайди. Натижада, янги брендларни муҳофаза қилиш имкониятлари ортди. Бундан ташқари, 2029 йилга бориб, муаллифлик ҳуқуқларидан жамоавий фойдаланиш ташкилотлари харажатлари 30 дан 20 фоизгача камаяди. Шу тариқа, мамлакатда креатив иқтисодиётни ривожлантириш учун қулай шароит шаклланади.

Нурсултан Байтилесов, Қозоғистон Республикаси Парламенти  Мажилиси депутати:

- Бош мақсад – интеллектуал мулк, ижодий фаолият натижаси ва индивидуаллаштириш воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларга доир қонунчиликни такомиллаштириш. Бундан ташқари, Марокаш шартномасига мувофиқ, кўзи ожиз муаллифлар розилигисиз чоп этилган асарларни ўқиши учун имконият яратиш кўзда тутилган.

Абдумалик Сарманов таржимаси