Қозоғистон ва Монголия турли мавзудаги 11 та ҳужжатни имзолади

Монголия — Қозоғистоннинг умумий анъаналари ва маданий-тарихий илдизлари бўлган энг муҳим ҳамкорларидан бири. Қосим-Жўмарт Тўқаев Президент Ухнаа-гийн Хурэлсух билан учрашувда шу ҳақда гапирди. Томонлар тор ва кенгайтирилган таркибда музокаралар олиб боришди. Бу Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Давлат раҳбари сифатида Монголияга қилган биринчи давлат ташрифи. Томонлар мазкур ташриф алоқаларни стратегик ҳамкорлик даражасига олиб чиқишига ишонч билдирмоқда.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Умуман олганда, музокаралар муваффақиятли ўтганини таъкидлаш учун асослар етарли. Биз иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш ҳақида келишиб олдик. Қозоғистон ва Монголия Осиёнинг энг йирик давлатлари қаторига киради, шунинг учун ўзаро савдо ҳажми шунга яраша кенгайиши лозим. Ўтган йили 150 миллион доллар ҳажмида товар айланмаси кузатилди. Келажакда уни 500 миллион долларга етказиш режалаштирилди. Бунинг учун товар турларини кўпайтириш ва тўсиқларни олиб ташлаш керак.

Мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштиришга йўл харитаси ёрдам беради. Қозоғистон ҳамда Монголия делегациялари уни ва яна 10 та ҳужжатни имзолади. Стратегик ҳамкорлик ўрнатиш тўғрисида декларацияга эса Давлат раҳбари шахсан  қўл қўйди. Умуман олганда, томонлар энергетика, қишлоқ хўжалиги ва минерал захираларни ўзлаштиришда ҳамкорлик қилиш ҳақида келишиб олди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Қозоғистон бизнесменлари Монголиянинг тоғ-кон соҳаси салоҳиятини ўрганишга тайёр. Музокаралар вақтида транспорт ва логистика масаласи муҳокама қилинди. Энг муҳим вазифалардан бири халқаро йўлакларнинг рақобатбардошлигини ошириш. Бунинг учун учинчи давлатлар орқали мамлакатларимиз ўртасидаги транспорт алоқасини кенгайтиришимиз лозим. Натижада, давлатларимиз ҳудуди орқали юк ташиш ортади. Транскаспий йўналиши ва Шиморл Жануб йўлакларидан самарали фойдаланиш зарур.

Ухнаагийн Хурэлсух, Монголия Президенти:

- Қозоғистон Республикасининг Марказий Осиёда биринчи бўлиб Монголиянинг стратегик ҳамкори бўлганини кўрсатиб ўтишдан мамнунман. Расмий музокаралар муваффақиятли, илиқ ва ишчан муҳитда ўтди. Сўнгги 30 йиллик ютуқларимизни кўриб чиқдик, ҳамкорликни бойитиш борасида фикр алмашдик.

Қозоғистон Монголия билан бирга Олтой туристик кластерини ривожлантириш ва қўшма туристик йўналишлар яратишдан манфаатдор. Шунингдек, Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакат Монголия талабалари учун олий таълим квотасини оширилишини билдирди. Давлат раҳбари диаспораларнинг ўзаро ҳамкорлиги муҳимлигини тилга олди. Монголиядаги қозоқлар бугунги кунда дўстлик кўприги бўлиб хизмат қиляпти. Учрашув сўнггида Давлат раҳбари Монголия Президентини расмий ташриф билан Қозоғистонга келишга ундади.

Абдумалик Сарманов таржимаси