Машҳур қозоғистонлик мўйқалам соҳиби Камил Муллашевнинг 100тага яқин асари «Вақт ойнаси» экспозициясидан ўрин олди. Ижодкорнинг 80 йиллик юбилейига атаб Миллий музейда махсус кўргазма очилди. Тасвирий санъат устасининг ижодий мероси турли жанрлардаги минглаб картиналардан иборат. Унинг ишлари халқаро даражада тан олинган, энг йирик музейларга қўйилган. Шу жумладан, Лихтенштейн, Франция, Англия, АҚШ, Канада, Россия, Туркия, Хитой, Япониядаги хусусий коллекцияларда сақланаяпти. Санъатшуносларнинг таъкидлашича, унинг ўз дастхати шаклланган. Асарлари орқали ижодкор ўз даврига мурожаат қилади. Бу эса картиналарининг қийматини оширади, мухлислар эътиборини жалб этади.
Гулзира Сарсенбаева, ижодкор уста:
- Мени ундаги ўзига хослик лол қолдирди. Асарларини бошқаларга таққослаш имконсиз. Беназир деган бўлардим. У ҳамма жанрларда ишлай олади. Ҳар бир ишида фалсафий теранликларни ҳис этасиз. Мухлисни фикрлашга мажбур этади. Шунинг учун ўзига хос ижодкор сифатида тан олинган. Ёшларга унинг асарларни тадқиқ этишни тавсия қиламан.
Камил Муллашев, Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, Қозоғистон Республикаси Рассомлар уюшмаси аъзоси:
- Кўплаб хорижий кўргазмаларда, Италияда, Флоренцияда, Дубайда, Москвада, Лос-Анжелесда, Америка ва Францияда қўйилган ишларим бор. Халқаро саҳнада бетакрор тасвирий санъатимизни тақдим этишни истайман. Турли услубларда ишлайман. Замонавий, классик, реализм, сюрреализм, импрессионизм каби жанрларда ҳам ўз асарларимни яратишга интиламан. Ажойиб профессионал реализм мактабидан ўтганман.
Абдумалик Сарманов таржимаси.