Томошабинлар билан жонли мулоқот. Коронавирус пандемияси туфайли Қозоғистон театр санъати бундан маҳрум бўлганди. Бу эса янги мавсумни режалаштиришга салбий таъсир кўрсатди. Ҳамда янги форматга ўтишда туртки берди. Томошабинини йўқотиб қўймаслик, санъатсеварлар эътиборида қолиш учун кўпгина театрлар ўнлаб усулларни ишлатиб кўрди. Улардан бири – интернет тармоғига чиқиш. Мамлакатнинг бош театр майдончаси – «Астана Опера» карантин даврида премьераларини бевосита трансляция қилди.
АЛТИНАЙ АСИЛМУРАТОВА, «АСТАНА ОПЕРА» ТЕАТРИ БАЛЕТ ТРУППАСИ БАДИИЙ РАҲБАРИ:
- Биринчи қисм – турли концерт номерлари, неоклассик, классик номерлар ва бир актли балет, Раймондо Ребекнинг «How long is now?» - «Ҳозир қанча давом этади?» хореографияси. Саҳналаштирилганига кўп бўлмади, мусиқаси замонавий, жуда яхши, қизиқарли балет.
Ўз онлайн-постановкалари билан «Астана Балет» ҳам мухлисларни мамнун қилди. Бу ерда спектакллар янги технология асосида қўйилади.
Миср ва Суриянинг мамлук султони – Бейбарс ҳақидаги постановка эса телебалет шаклида тайёрланди. Спектакль ижодкорлари учун бу – биринчи экранлаштириш тажрибаси. Лекин, охиргиси эмас.
МУКАРАМ АВАХРИЙ, «СУЛТОН БЕЙБАРС» СПЕКТАКЛИ ПОСТАНОВКАЧИ ХОРЕОГРАФИ, «АСТАНА БАЛЕТ» БОШ БАЛЕТМЕЙСТЕРИ:
- Шундай бир миссия бор эди: миллий маданият, миллий рақс, миллий санъатни хореография, ижодимиз воситасида юксалтириш. Шунинг учун репертуаримизда мазкур спектакль мавжудлиги ажойиб иш бўлди. Назаримда, томошабин уйига қайтаётганида қалби Султон Бейбарс каби қаҳрамони билан фахр туйғусига тўлиб тошади.
Айтмоқчи, театр санъати шинавандалари Қозоғистон артистларини виртуал воқелик форматида ҳам кўриши мумкин. Театрларда стримминг сервисини ўзлаштириш борасида иш олиб бориляпти. Шу жумладан, «Астана Балет» да тўла форматли балет постановкалари, эксклюзив спектакллар 360 даража форматида тақдим этилади.
Мамлакатда янги театр даргоҳлари ҳам ишга туширилмоқда. Нур-Султонда янги, Қуанишбаев номли қозоқ мусиқали-драма театри очилди. Бундан ташқари, Ёш томошабинлар мусиқали театри ташкил этилди.
АСХАТ МАЕМИРОВ, ЁШ ТОМОШАБИНЛАР МУСИҚАЛИ ТЕАТРИ ДИРЕКТОРИ:
- Бу - дастлабки Ёш томошабинлар мусиқали театри, мамлакатда унга тенг келадигани йўқ. Ўз оркестримиз бор. Меҳмонларимизга «Алдар Кўса», «Хўжа Насриддин» каби халқ эртаклари орқали миллий қаҳрамонларни намойиш қиламиз. Репертуарда «Кулойим», «Олтин калитча» ва бошқа дунёга машҳур, жаҳон эътироф этган ажойиб асарлар бор.
2020 йил театрлар санъатни ривожлантириш ва ўзгартириш орқали рақамли даврга муваффақиятли уйғунлашганини кўрсатди.