Францияда таниқли қозоғистонлик рассом Карипбек Куюковнинг антиядро мавзусидаги туркум кўргазмалари бўлиб ўтмоқда. «Енгиб ўтиш» деб номланган экспозициявий марафон Страсбургда бошланиб, дастлаб Европа Кенгашида, сўнг маҳаллий университетда намойиш этилди, ундан сўнг Париждаги юртимиз элчихонасида, Сенатда ва Алмати билан биродар шаҳар – Реннда тақдим қилинди.
Карипбек Куюков, рассом:
- Биз жим турмаслигимиз, лоқайд бўлмаслигимиз керак, бундан кейин нима бўлади, ким биринчи бўлиб бошлайди, наҳотки, яна шундай бўлади? Айрим одамлар бу масалага соғлом назар ташламайди. Аммо бундай қилмаслигимиз лозим. Фикримча, ҳар қандай соғлом фикрли одам хатарни кўрганида, йўл қўймаслик, тўхтатиш, олдини тўсиш учун қўлидан келганини қилмоғи шарт.
Францияда Карипбекнинг Семипалатинск синов полигони билан боғлиқ ҳикояси ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Зеро, унинг картиналарида ҳам ноодатий техника кўмагида қоғозга кўчган ҳис-туйғулар, тинчлик учун, сайёра ва инсоният учун жон куйдириш яққол сезилиб туради.
Пьер Лоран, сенатор:
- Бугун ядровий қуролсизланиш йўлида кўпйиллик толмас курашчи бўлган қозоқ дўстимиз билан бирга шундай тадбир ўтказганимиздан фахрланаман. Чунки Францияда Ядровий қуролсизланиш тўғрисидаги шартнома имзоланиши учун курашни кучайтирамиз. Биз ушбу курашни қўллаб-қувватлаш учун турли сиёсий оқимлардан Сенат, Миллий Ассамблея, Европа Парламентининг парламент тармоғини яратишдан бошлаймиз.
Ролан Ниве, Тинчли учун кураш ҳаракати бош котиби:
- Бу ҳамкорлик давом этишини истардик, Карипбек асарлари рақамли галереямизда ёки Тинчлик учун кураш ҳаракати бутигида мусаввир фойдасига сотилишини хоҳлаймиз. У ўзининг пацифистик фаолиятини давом эттира олиши учун. Бу бирдамликнинг аниқ кўриниши.
Таъкидлаймиз, Карипбек Куюков картиналари дунё бўйлаб фаол саёҳатда, улар Швейцария, АҚШ, Австрия, Япония ва бошқа юртларда намойиш этилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси