Миллий анъаналар тантанаси давом этмоқда

Наврўзнома декадасида 16 март – Маданият ва миллий анъаналар куни. Алматида ушбу қадриятларга бағишланган халқаро форум бўлиб ўтди. Тадбир маҳаллий ва хорижий олим-тадқиқотчилар учун тажриба ва ғоялар алмашинуви платформасига айланди. Форум доирасида «Тарбия боши – тол бешикдан» кўргазмаси фаолият юритди. Унда биринчи марта болалар бешиклари коллекцияси намойиш этилди. Экспозиция ушбу буюмнинг турли ясалиш даврларини қамраб олган. Бу ерда анъанавий 120 йиллик бешиклар билан бирга, замонавий дизайн намуналарини ҳам кўриш мумкин. Ташкилотчилар билдиришича, тақдим этилган экспонатлар шуни кўрсатадики, қозоқлар бола туғилиши биланоқ унинг руҳий ва жисмоний ривожланишига катта аҳамият қаратган.

 

Маржан Жунусова, Қозоғистон Республикаси Марказий Музейи Бўлим Раҳбари:

- Бешик, албатта, фақат қозоқ халқи учунгина эмас, балки Кавказ, Хитой, Ҳиндистон, Ўрта Осиё халқлари учун ҳам катта аҳамият касб этган. Чунки бешик ҳамиша гўдак тоза ҳолда ётишини таъминлаган, ёмон назар, суқдан асраган, у жуда енгил ва қулай, эрта даврларга доир кўҳна бешик топилмалари шундан далолат беради, у болани узоқ йўлга олиб юришда ҳам қўл келган.

 

Умит Ашимова, Қозоғистон Республикаси Марказий Музейи Ходими:

Ҳар бир бешикнинг ўз тарихи бор. Музей ходимлари уларни мамлакат минтақаларига қилинган этнографик экспедицияларда топиб, келтирган. Бешиклар асосан республикамизнинг жануби ва Ғарбий Қозоғистон вилоятидан олиб келинган. Музей фондига экспонатларни бошқа одамлар ҳам топширади. Улар бешиклар бу ерда ҳали узоқ вақт сақланишини, меҳмонларни мамнун қилишини тушунади.

 

17 мартда Чанғароқ куни нишонланади, оилавий қадриятларни оммалаштиришга, маънавий тарбия масалаларига қаратилган маданий тадбирлар ташкил этилади. 18 март санаси – Миллий либослар куни. 19 март – Янгиланиш куни бўлиб, одатга кўра, кўчат ўтқазилади. 20 мартда – Миллий спорт турлари кунида эса мусобақа ва турнирлар ўтказилади. 21 март – Бирдамлик куни. Қозоғистонликлар 22 март куни Янги Йилни байрам қилади. Ушбу кунда юртимизнинг барча минтақаларида ясама этноовуллар ташкил қилинади, умуммиллий маданий-спорт тадбирлари, ярмаркалар бўлиб ўтади. Якунловчи кун - 23 мартда Қозоғистонда умуммиллий экологик акция ўтказилади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.