Қозоғистон сармоя жалб қилишда юқори жозибадорликка
эга давлатлар ўнталигига кирди. Халқаро fDi
Intelligence агентлиги таҳлилчилари шундай маълумот берган. Улар макроиқтисодий
кўрсаткичлар, жалб этиш воситалари ва тўғридан-тўғри хорижий инвестиция
йўналишларини ўрганган. Рейтингда Қозоғистон олтинчи ўринни эгаллаб, Озарбайжон,
Марокаш, Сербия ва Ҳиндистонни ортда қолдирди. Рўйхатга Камбоджа бошчилик
қилмоқда. Умуман, сармоя жозибадорлиги таҳлили учун Африка, Яқин Шарқ, Европа
ва Осиё давлатлари олинган. Бунда аналитиклар маълумотларига кўра, Осиё
минтақаси йирик бизнес учун энг манфаатли ҳудуд бўлган – ўнталикка бир йўла 6 та давлат кирди. Қозоғистон ўз
позициясини янада яхшилаши мумкин, қолаверса, республикамизда инвестиция
сиёсати, солиқ қонунчилиги, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоялаш режали тартибда
такомиллаштирилмоқда, унинг кредит рейтингидаги барқарорлиги эса нуфузли Fitch,
Moody’s, Стандарт энд Пуэрс каби тузилмалар томонидан тасдиқланган. Мамлакатимиз
тўғридан-тўғри сармоялар борасида Марказий Осиёда етакчи – чет эл
инвестицияларининг 70 фоизи Қозоғистон улушига тўғри келади. 2022 йилда республикага киритилган капитал миқдори деярли 20
фоизга ошиб,
28 миллиард долларга етган.
Жандўс Темирғали, «Kazakh Invest» МК бошқарув раиси вазифасини бажарувчи:
- Бунда, албатта, Қозоғистон билан кўпдан бери
ишлайдиган давлатларни таъкидлаб кўрсатиш жоиз. Бу АҚШ, ХХР, Европа Иттифоқи
давлатлари, шунингдек, доимий ҳамкоримиз бўлган айрим бошқа мамлакатлар, масалан,
Туркия. Миср билан шериклик самарали равишда равнақ топиб боряпти, бир қатор
салоҳиятли лойиҳалар мавжуд. Жумладан, агросаноат мажмуасида, фармацевтикада.
Умуман, 2023 йилда, “Казахинвест” вакиллари айтишича,
сармоявий фаолликда сезиларли ўсиш кузатилган. Хорижий бизнес маҳаллий
лойиҳаларга жиддий қизиқиш билдирган. Ва энг муҳими, қазиб олиш каби доимий
соҳалардагина эмас, балки ишлов бериш саноати, агромажмуа, нефть-кимё ва логистикада
ҳам шундай. Қозоғистоннинг жуғрофий жойлашуви, хусусан, Европа ва Осиёни
боғловчи транспорт йўналишларига эгалиги чет эллик инвесторларни жалб қилишда
қўшимча омил бўлиб хизмат қилади.
Хуршида Абдуллаева таржимаси.