МДҲ ва Марказий Осиёдаги энг йирик Comic Con фестивали ўтказилди

МДҲ ва Марказий Осиёдаги энг йирик Comic Con фестивали ўтказилди

Астанада МДҲ ва Марказий Осиёдаги энг йирик Comic Con фестивали ўтказилди. Қозоғистон пойтахти комикслар, фантастика, видеоўйинлар ва аниме иштиёқмандларини ўзига жалб этди. Анжуманга 75 минг, шу жумладан, 36 давлатдан 10 минг нафар хорижлик келди. Айни вақтда, 150 нафардан зиёд қозоғистонлик рассом ва ҳунарманд фестивалда ўз санъатини намойиш қилди. Ташкилотчилар таъкидлашича, Comic Con оммалашгани сари дунё юлдузларининг унга бўлган эътибори ортяпти. Фестиваль тарихида биринчи марта унда учта голливуд актёри қатнашди. Хедлайнерлар қаторида афсонага айланган «Узуклар ҳукмдоридаги» Голлум роли ижрочиси Энди Серкис, «Миссия: бажариш имконсиз»нинг сўнгги қисмидаги антагонист Эсай Моралес, – Marvel кинокоиноти иштирокчиси, жангари фильмлар юлдузи Скотт Эдкинс иштирок этди.

Энди Серкис, хедлайнер:

– Comic-Con атиги олти йил ичида шу қадар ривожлана олгани ҳайратланарли. Бу ерда ҳамма нарса замонавий, футуристик ва илғор услубда жиҳозланган. Энг янги технологиялардан фойдаланилгани кўриниб турибди. Мен санъат соҳаси – кино саноати, театр, балет ва опера вакиллари билан гаплашдим. Ҳамма ерда маданият Қозоғистон миллий идентикаси учун муҳимлиги, унга ҳар томонлама ёрдам берилаётгани сезилиб турибди. Косплей ҳам ажойиб, иштирокчилар костюмлари деталлари жаҳон фестиваллари даражасида. Ҳамма нарса маданиятга, сторителлингга эътирофни кўрсатади.

Эсай Моралес, хедлайнер:

- Масалага теран қарашлари мени лол қолдирди. Одамлар бу маданиятнинг ич-ичга кира олган, косплейлар, уларни кўриш учун келган юлдузларни кўзари порлаганча кузатяпти. Жетлаг туфайли тўйиб ухлай олмадим, лекин чарчоқ сезмаяпман – одамлардан қувват оляпман.

Энг муҳим воқеалар қаторида профессионал косплеерлар халқаро танлови бўлди. Энг кучли уста унвони олиш учун Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Беларусь, Хитой, Молдова, Россия, АҚШ ва Таиланддан 200 нафар иштирокчи курашга кирди. Ҳакамлар ҳайъати фақат танланган образга ўхшашлигини эмас, либослар тикилиши, артистлик маҳорати ва саҳна чиқишларини ҳисобга олди.

- Мен бугун Зак Фейрман. Орзу сари кетаётган аскар.

- Бу - савдогар. Лекин у мен кўрганларим ичида энг харизматикларидан бири. Унинг ёнига боришингиз билан ўзига хос имо қилади: гўё «Хуш келибсиз, сизни нима қизиқтиради?» дейди.

Ташкилотчилар таъкидлашича, Астанадаги Comic Con дунё креатив саноатининг энг муҳим воқеалар қаторига кириб улгурди. Фестивалнинг иқтисодий самараси ҳам лол қолдирди: улар ҳисобига кўра, шаҳар иқтисодига 3,5 миллиард тенге кирди.

Абдумалик Сарманов таржимаси