Ислом тамаддуни тарихи биргаликда тадқиқ этилади

Шарқшунос олимлар Марказий Осиёда Ислом тамаддуни ривожланиши жараёнларини биргаликда тадқиқ этиш ниятида.  Бундай кўп томонлама ҳамкорлик Ўзбекистоннинг Ислом тамаддуни маданий ва илмий маркази майдончасида рўёбга чиқарилади. Тошкентдаги мазкур иншоот йил охиригача ишга туширилади. Гумбази баландлиги 64 метр, майдони 60 минг квадрат метрдан зиёд бўлган асосий бинода экспозициялар учун 10 та зал бор. Унда марказий музей, академия, кутубхона жойлаштирилади. Шарқшунос олимлар минглаб ўтмиш ёдгорликлари, ноёб китоблар, қадимий қўлёзмалар устида ишлайди.

Фирдавс Абдухаликов, Ислом тамаддуни маданий ва илмий маркази директори:

– Бу йўналишда ҳамкорлик ўрнатиш биз учун жуда муҳим. У умумий майдонча вазифасини бажаради. Марказнинг иккинчи қаватида махсус кабинетлар жиҳозланади ва дўстлик алоқалари фаол ривожланаётган Марказий Осиё давлатлари олимларига бепул тақдим этилади, бирга қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқарамиз. Бу соҳада азалдан ҳамкорлик қилиб келганмиз. Энди ҳам буюк тарихимзни ўрганиш учун қўлни-қўлга бериб ишлашни таклиф қиламиз.

Маулен Садиқбеков, «Ҳазрат Султон» миллий тарихий-маданий музей-қўриқхонаси директори:

- Маданиятларимиз бир манбадан шаклланган халқлармиз. Кўп асрлар давомида тарих қозонида бирга қайнаганмиз. Ҳамкорлик муносабатлари тиғиз бўлиши табиий. Ҳозир Ҳазрат Султон музейи ва ушбу марказ ўртасида ўзаро меморандум имзолаш масаласи кўриляпти. Сўнгра биз биргаликда иш юритиш ниятидамиз.

Тарихи минг йилларга тенг Самарқанд шаҳри яқинида Ислом дунёсини энг буюк шахслари қаторига кирувчи имом ал-Бухорийнинг қабри бор. 1998 йилда бу олимнинг қабри устига мақбара қурилган. Ҳозир у тўла реставрация қилиняпти. Мазкур майдончада музейдан ташқари, мусулмонлар диний бошқармаси, академия ва катта кутубхона иш бошлайди. Зиёратчилар учун турли замонавий инфратузилмалар бунёд этилади. Мажмуада бир вақтнинг ўзида 9 минг нафаргача одам намоз ўқиши мумкин бўлган масжид қурилади. Бу муқаддас қадамжога йилига 5 миллион нафар зиёратчи келиши кутиляпти.

Юсуф Абдуллаев,  Самарқанд Технология университети ректори:

- Бу яхлит майдонча 48 минг квадрат метрни эгаллайди. 4 минг квадрат метрини боғ ва гулзорлар эгаллайди. Унда беназир мақбара қурилган, тенгсиз иморатлар бунёд этилади. Қурилиш ишларида фақат ўта сифатли материаллар ишлатиляпти. Мажмуа замонавий илмий марказга айланади.

Абдумалик Сарманов таржимаси